понедельник, 30 июня 2014 г.

Bahrom Abbosov


СЕНИ КИМ ДЕБ АТАЙ? Сени ким деб атай, кимсан мен учун? Тақдир менга берган мукофотмисан? Ҳаёт йўлимдаги синовлар учун, Пешонамга битган синоатмисан? Кимсан? Гуноҳимми ёки савобим? Бетоқат қалбимга ширин азобсан. Юрагимдан чиққан фиғоним-оҳим, Телба бир бандага балки жазосан? Гоҳи яқинимсан қон-томиримдай, Ширин жонимдан ҳам устунсан гўё. Гоҳи эса қочдим кўриб ғанимдай Хаёлмисан, билмам, тушми ё рўё? Изларинг ахтариб юрар йўлимда, Жавобсиз саволлар чарчадим, толдим. Кўзларинг кўзимда, сўзинг сўзимда, Ахийри мен сени ЎЗИМДА топдим. Ахир сен бу менсан, сен менга керак, Руҳим, жоним, танам, юзим, кўзимсан, Питирлаб бағримда гурс урган юрак, Яхшидир, ёмондир айтган сўзимсан. Майли, юз ўгирай дунёлардан ҳам. Майли, воз кечарман орзу-ҳавасдан, Фақат айтинг менга дўстлар-ёронлар, Кечмоғим мумкинми ЎЗИМ-ЎЗИМДАН? Anonymous…







Кун ҳам кечга бориб ғира шира бўлишни бошлаган вақт…
Ҳизмат юзасидан доимий ишларимни якунлаб шаҳримга қайтаман.
Машина деразасини очиб қўйиб, қўлларимни ташқарига чиқараманда, қўлимга урилаётган шамоллар завқини туйиб, кайфиятим янада кўтарилади!
Эх, шунақа вақтда машина ҳайдашни ёқтираманда…Тезлик чамаси 80-90 км/с…

Йўл бўм бўш…Кайфиятимга янада ҳушнудлик қўшиб ўзим учун ёзиб олган мусиқий кетма-кетликларимдан Ибраҳим Татлисеснинг “Yagmurla Gelen Kadin” қўшиғи янграйди…

Тезликни янда ошираман. Бу ажойиб муҳитдан илҳомланиб бир нарсалар ёзгим келиб кетади…!
Шаҳарга кириб келар эканман, йўллардаги гўзал бинолару, шаҳримнинг тунги ёрқин қиёфасини кўриб кўзим қувнайди!
Бир неча йил ичида жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди…талайгина ҳайрли ишлар қилинди…
Ичимда суюниб қўяман…
Савобталаб ҳамшаҳарларимиз эрталабдан шаҳар озодалигига хисса қўшиш мақсадида шанбаликлар ўтказишдан чарчашмайди…
Чет эллик дўстларим билан бўладиган сухбатларда халқим ҳақида айтилган илиқ фикрларни эшитиб фахрланиб қўяман.

Бор бўл элим!
Ватанпарварлик хисларим жўш уриб кетади…
Мен ҳам шулар қатори юртим равнақи учун янада кўпроқ наф келтиришдай бахтга муяссар бўлишни тилаб қўяман…

Хизматингдан чарчамай ишқилиб!

Mr.Anonymous
27.04.2013






Сен менга жудаям кераксан...


СЕН МЕНГА ЖУДАЯМ КЕРАКСАН...




Юр. Иккимиз осмонларга учиб кетамиз. Дунёлардан, рўёлардан кечиб кетамиз. Орзуларни қаттиқ-қаттиқ қучиб кетамиз... 

Бизни кўрган майли куйсин, майли...

Юр. Армонни ҳам хатто лол қолдирамиз. Бахтла такрор-такрор кулиб қоламиз. Фироқда кўз ёшни йиғиштирамиз...

Бизни билган майли кулсин, майли...

Юр. Тақдирнинг қошига чиқамиз пешвоз. Бахт бизга, биз бахтга бўлганча ҳамроз. “Ахир севаманда” пичирлаб овоз...
Бизни кўрган майли ёнсин, майли...

Юр. Шу сафар қайтарма қўлим. Шу гал майли кеч ҳаммасидан. Шу гал майли кутсин юмушлар. Шу гал армон қилмасин зафар. Шу гал бўлсин бари бошқача. Шу гал майли кутсин дунё ҳам...

Қара, мен куляпман. Мен яна куляпман. Ҳаётга кулиб қараяпман. Аввалги хотиралар юракни баъзида тирнаб қўйсада сени унута оляпман. Ўтмишимнинг ёрқин фасли бўлганинг мени бир қувонтириб, гарчи сенга узатилган қўлларим муаллақ қолган бўлсада, аслида у қўлни тутгувчилар борлигини англадим. 

Бахтлимисан? Бахтлидурсан... 
Бахтдан ортиғини тиламоғим нечун? Сен бахтли бўлишинг керак. Албатта бахтли бўлишинг шарт.
Менку бахтлиман. 
Фақат сен билан эмас... 
Фақат
Сенсиз...

*****
Биласанми?
Сени қанча севаман?
Жонимга жон бўлган тилаксан...
Тентаккинам сенсиз нетаман?
Ахир менга жуда кераксан...

Соғиндим!
Кўзингни, юзингни,
Бир ўзинг фариштам, малаксан,
Куттириб “соғиндим” сўзингни,
Қалбимга сен яна кераксан...

Иста!
Сенга берай бу жонни,
Ахир бир сен эзгу ниятсан.
Орзуга жо этиб армонни,
Жоним, менга жуда кераксан.

Бир кун эмас,
Бир умр бунда,
Қалбимда гурс урган юраксан,
Ошиғингнинг дардим ҳам шунда,
Сен менга жуда ҳам кераксан...

Баҳром АББОСОВ
09.07.2014й





Япроқлар! 
Ҳилпирайди,
Хотиралар жунбушга келар.
Оз бўлсада, ўтган йилларимни эсимга солар.
Япроқлар ҳилпирар менга шўх кулиб,
Дардим, 
Армонларим…
Юрагим ёнар!

Япроқлар!
Суҳбатдош, 
Япроқлар сирдош,
Армон гулларидан тутгум гулдаста.
Япроқлар!
Дардимга беролмай бардош...
Пойимда, жон бермоқ бўларлар аста.

Япроқлар!
Ҳилпирар, 
Қарсаклар чалиб,
Тахсинлар айтмоқчи бўлиб сабримга,
Мен ҳануз жимгина, 
Жилмайиб, 
Кулиб,
Телбадай йиғлагум, кўниб қадримга.

Япроқлар!
Дардларим тингларди гўё
Хаёллар ўйнайди бошимда зув-зув
Япроқлар тушунмас,
Эҳтимол рўё…
Кўз ёшлар юзимда, оқмоқда дув-дув

Япроқлар ҳилпирар менга кулганча…

Баҳром Аббосов - Mr.Anonymous
2008-2014й






Қатъийлик, ишонч ва албатта умид.
Озгина сабр!
Қарабсизки, инсон икки дунё саодати қўлга киритиши мумкин экан…

Раҳматли бувимни кўп ёдга оламан. Ота-онам қатори у кишининг ҳам тарбиялари феълимда ўз аксини топган. 
“Дуода гап кўп” дер эдилар. Ҳалол бўлишга ундардилар.
Уйимизда эски бир тошойна бўларди.
Бувимни соғинган вақтларим шу ойнани ерга қўйиб олардимда олдига ўтириб олганча, юз-кўзимдан у кишининг сиймоларини излардим.
Соғинибман шекилли…Бу воқеларга ҳам анча бўлибди.

Куни кеча, бир буюмни излаш асносида тасодифан шу кўзгуга дуч келиб қолдим. Обдон чанг босган.
Болалигим эсимга тушиб кетди. Уни деворга суяб қўядимда, ўзимга таниш бўлган харакатларни такрорладим…

Ана ўша – нигоҳ, ўша таниш кўзлар.
Одам ҳаётида энг кам ўзини кўрса керак аслида. Бир муддат бўлсада шу кўзгу орқали ўзимни ташқаридан кўра оламан. Инсонлар наздидаги Баҳром шу эканда, дея ажабланиб қўяман.
Лекин у нега хомуш?…
Хотижам эмасдай туюлди менга. Анави нима? Кўз ёшми? Нега йиғлайди у?
Ахир, мен йиғламаябманку. Кўзгудаги аксимда эса кўз ёшлар…

- Айт дардингни?… - аксимга ҳамдард бўламан… - нега бунчалар хомушсан?
- Мен йиғламаябман. – жавоб қайтаради у.
- Кўрябманку. Бир нимадан норозисан. Айтақол энди…

Қизиқ, одам ўзи билан ўзи ҳам гаплаша олар эканда. Айни дамда эса кўзгу жим. Аксим бу саволимни кутмагандай сукутда. Бир дам хонада хотиржамлик ҳукмрон.
Аллақаерда томаётган томчилар акс садоси қулоқни тешади.
Менсизликнинг мадҳи янграмоқда…

- Сен кимсан ўзи? – аксимга дўқ урдим. – шунчаки акссан, ортиғи эмас. Сен шунчаки менинг ҳамсоям.
- Биласанми нима? - Тилга кирди у – мен сенинг дардингман, алам, ғам, ташвиш…барчаси менда. Сен ҳаммага кулиб боқаётганинг вақтида мен йиғлайман. Табассуминг ортидақи қалб оғриғи…

Яна сукунат…
Дераза ортида ой мўралайди.
Қўшнимнинг кучугини жағи очилган.
Ҳадемай тонг отади. Менда эса уйқу йўқ.
- Ухласангиз бўлмайдими? - аёлим бесаранжом…
Уйқу? Нима эди у? Умр ўтиб кетаяпти. Уни шунчаки уйқуга бериб қўйгим йўқ. Яшаб қолиш керак.

- Сен борақол… - хаёлимни бўлди қулоқсиз қиёфадошим. - Эртанги кун кутмоқда сени. Кул, қувон, ҳаётдан завқлан.
Сукунатда аксимни қолдирдим. Рухсиз тана мисол. Юраксиз вужуд…
Ўзлигимни ташлаб кетаман. 

Қандай яхши ғамсиз яшамоқ…

Баҳром Аббосов.






Яна бир он...
Ёнингда бўлсам,
Кўзларинга боқсайдим, 
Тўйиб.
Сукунатга айланиб қолсам...
Қўлларингдан жимгина тутиб.

Яна бир дам...
Ёнингда бўлсам,
Девонангман ишқингда, ҳаста...
Томчиларга айланиб қолсам,
Юзларинга томсайдим, 
Аста...

Яна бир он...
Ёнингда бўлсам,
Нафасингни хис қилиб, 
Юзим...
Орзуларга айланиб қолсам...
Нигоҳларинг соғиндим...гулим...

Яна бир он...
Етишмас васлинг....

Mr.Anonymous

24.11.2013 22:34







Нигоҳлар…
Улар ҳар хил бўладилар, бировда қувончли, бировда қайғули.
Яна кимдадир завқ тўла кўзлар, бошқасида алам. Кимдир янги кунга шукh нигоҳлари билан боқса, бошқаси одамларга кибр нигоҳлари билан қарайди…
Энг асосийси самимийлик, назаримда.
Инсонни кўзидан унинг феъли ҳақида билиб олса бўлади дейишадику.

Иш жойим уйимга яқинлиги сабабли кўп ҳолларда пиёда юришни лозим топаман. Атиги ўн дақиқалик сафарим давомида, эҳҳе, неча турли нигоҳлар гувоҳи бўламан.
Ана, узоқдан бир аёл келяпти. 
Номаҳрамга қараш яхши иш эмаслигини билсамда, беихтиёр тушган назаримда унинг гўзал эканлигини ҳис қилдим. “Жуда, баҳтли бўлса керак” деган хаёл ўтди.
Биз тўқнашган нуқтада эса унинг кўзидаги ёшни пайқадим...
Бир неча сония аввал мен бахтли деб аташга улгурган инсонни айни дамда юраги ғамга тўлиб турганини сезиш қийин эмасди.
Қизиқ. У нега ҳафа? Ким оғритди экан унинг дилини? Балки…
Яна билмадим.
...Аёлнинг қўлидаги буюмлар солинган халтага кейин эътибор қилибман…

Инсоният табиати қизиқ жуда.
Қани энди шундай қудратим бўлсаю, бир харакат билан жамики инсонларнинг дилларидаги ғамларни қувиб юборсам.
Қандай қилиб бутун дунёни бахтли қилиш мумкин?
Имконим бўлса эди…
Эҳтимол…Биз шунчаки одамгарчиликни унутиб қўйдикмикин?
Ҳа, менимча ҳам айнан шундай. Кибр деган ажойиб туйғу билан ошно бўлганимиз замони кўзимни ёғ босиб қолган. 
Гуноҳларни тан олмай қўяганмиз. Шукр қилиш эсдан чиқиб қолган…

Ана, қаршимда кичкина болакай ўтирибди. Йўловчилардан пул сўраб қўллари чўзилган. Кўзларида эса афсус ёшлари…
Эҳтимол, тақдиридан хафадир? Эҳтимол, у бизнинг тақдиримизга ачинаётгандир …
Имкони бўла туриб яхшилик қилиш ўрнига, аксинча, бир-бирини кўзини чўқийдиган инсонларни кўриб афсуслаётгандир?
"Пулим кўп бўлса, мен буларга ўхшаган бўлмайман" деган ўй ўтаётгандир хаёлидан…
Эҳтимоллар жуда кўп…

Инсон табиати ажойиб бўлади ростдан ҳам, “ҳаётдан тўйиб кетдим” дейди ўзича. Тўйган бўлсанг, кел унда, кераксиз юрагингни муҳтожга берамиз десангиз жонини ҳовучлаб қочади…

Ҳаётдан тўйишга шошилманг дўстим. Сиз зериккан ҳаётга ҳали кераксиз.
Фақат, шу ўтаётган умрингизда, илтимос, ҳеч бўлмаганда бир кишига ёрдам қўлини чўзинг, жуда бўлмаганда битта яхшилик қилинг.
Ёки, шунчаки ёмонлик қилишдан тийилинг.

Ажаб эмас, шунда балки атрофимизда фақат қувончга тўла нигоҳлар қолса!

Баҳром Аббосов






Сенсизликда ёндим, йўқолдим,
Дардларимга йўқ бунда хисоб.
Мен, ўзимни англолмай қолдим.
Ўйларимни айлаб сархисоб.

Ўйламайман дейману, яна,
Ўйлайман-да, ўйлайвераман.

Сен ҳақингда афсона тўқиб,
Армонимни жо этиб бунда...
Ишққа атаб, достонлар ўқиб,
Ул висолга орзиқиб, кунда.

Сўйламайман дейману, яна,
Сўйлайман-да, сўйлайвераман.

Ўзгинамни овутиб, эзиб,
Бир маромга солганча сўзни.
Наф бўлмаску, билсамда сезиб,
Ўз дардимда қовуриб ўзни.

Куйламайман дейману, яна,
Куйлайман-да, куйлайвераман.

Мен суйганим инсонми, ойми?
Қўйгин энди, ўртама фироқ...
Кўз ёшларим дарёми, сойми?
Унутаман, сўз бергум, бироқ!

Алдамайман дейману ўзни,
Алдайман-да алдайвераман...

Баҳром Аббосов – Mr.Anonymous
24.01.2014й 23:00







НУҚТА?!

Устоз ўз талабаларга бир қоғозни кўрсатиб, уларни фикрлашга чорлабди. Қоғознинг ўртасида биттагина қора нуқта бор экан.
- Айтингчи, нимани кўряпсизлар?
- Нуқтани – дебди биринчи талаба.
- Қора нуқтани – дебди иккинчиси.
- Қора ва қалин нуқтани – шошиб жавоб берибди учунчи талаба.
- Афсус, – бир муддат хаёлга берилиб қолган устоз аста сўз бошлабди. – Ҳаммангиз оқ қоғоздаги кичкинагина қора нуқтани кўрдингиз, лекин ўша нуқта турган катта ва оқ қоғозни пайқамадингиз.
Ҳаётда ҳам худди шунақа бўладида. Одамларни арзимаган кичик камчиликлари учун айблаймиз. Аслида эса ўша кичик нуқсон ортидаги катта ва олийжаноб юракни пайқамаймиз. Ёки шунчаки пайқашни истамаймиз...

Mr.Anonymous ©
(таржима)






БОЛАЛИК!

Улгурдим эҳтимол, армонлар қанча...
Ниятим кўп эди, ният хўп эди,
Умр ҳам ўтди-да, елиб, шошганча.
Ҳали ёшман дея кўнгил тўқ эди,

Хатолар – ёшликнинг бебош йиллари,
Болалик, орзуйим сен томон қайтмоқ.
Эсганда баҳорнинг нафис еллари,
Айтилмай қолганин баралла айтмоқ.

Ушалиб орзу ҳам, бўлиб мен бола,
Қувлашиб армонни, асти қўймасдим
Қайтиб келса эди бариси яна.
Қилган хатоларни қайта қилмасдим.

Ният холис экан! Ният рост экан!
Тангрим ҳам эшитиб бугун ноламни...
Дилдан сўраганга У ҳамроз экан,
Ўзимга ўхшатиб берди – боламни.

Биров ишонмайди, биров айтмайди,
Ана у - болалик! Ана! Чин сўзим!
Яна айтасиз-да: ёшлик қайтмайди,
Боламнинг кўзида топганим – ўзим.

Бу ҳам бир синоат, кўп йиллар кутиб,
Бир имкон орзуга қайта етмоққа.
Ўғлимнинг қўлидан оҳиста тутиб,
Болалик чоғимга бирга кетмоққа...

Бўлди! Мен боламан бугундан, ана,
Қаранг, болаларча шўх кулаяпман,
Кут мени орзулар, оз қолди яна, 
Армонлар,
Алвидо!
Мен кетаяпман!

Юр ўғлим,
Иккимиз кетамиз бирга...

Баҳром АББОСОВ. 
18.05.2014й 22:06






Табассум қилинг!
Йўқ яхшиси кулинг. Мазза қилиб кулинг. Дилдан яйраб кулинг. Фақат бу кулгингиз истеҳзоли эмас, самимий ва бугунги кунингизга шукрона ифодаси билан бўлсин. Биродарнинг биродарига кулиб қараши ҳам садақа, деб айтишадику.

Бир-бирингизга яхши кайфият улашинг, илиқ сўзлар айтинг, меҳр тортиқ қилинг, мурувват кўрсатинг, зарур бўлганида ёрдам қўлини чўзинг. Энг асосийси самимий бўлинг.
Дўст дегани, хаттоки у шунчаки виртуал оламга тегишли бўлса ҳам, айнан шу кайфиятнинг йўқлиги вақтида асқотса, оғир вақтда елкадош бўлсагина чин дўст мақомига муносиб бўла оладида, деб ўйлайман.
Бир нарсани унутманг, ҳеч бир қилинган иш ажр, мукофотсиз қолмайди. Қилинган яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам албатта ўзига яраша жавоби бўлажак! 

Бугун сизлар менинг чин дўстларим орасидасиз. 
Ҳар бирингиз! 
Мени ўзингизга дўст деб билиб, ҳурмат қилиб, ушбу битикларни ўқияпсизми, демак сиз менинг ёзғуларим бефарқ эмассиз. Демак сиз менга бефарқ эмассиз!
Энг биринчи таббассумим айнан сизга аталган!
Кайфиятни кўтаринг. Дунёга кулиб-кулиб боқинг. 
Энди эса, сиз ҳам мен учун бир марта бўлса ҳам жилмайиб қўйинг! 

Камина яна сизлар билан!!! )))

Баҳром Аббосов. (Mr.Anonymous )






БАХТ НИМАДА?!

Бахт тушунчасини хилма-ҳил сайқалда тафаккур қилиш мумкин экан.
Ҳар бир миллат, элат, маданиятда бу борада эҳтимолки бир-бирига ўхшаш булмаган турфа қарашлар мавжуд.


Ким учундир бахт бу - муҳаббат. 
Айниқса, биринчи муҳаббат мавзуси шу тоифа кишилари учун айни муддао. 

Кимдир бахтни бойликда деб билади. Эҳтимолки, шу тоифага мансублар қисман хақдирлар ҳам. 
Айнан моддий таъминланганлилик даражаси баъзида жуда муҳим масалаларга ойдинлик кирита олишдай ажойиб хусусиятга эга эканлиги хеч биримизга сир эмас.

Талабалик йилларимда, “бахт пулдами?” деган бахсда, пул тўкис бахт учун жуда муҳим дея бутун гурухга қарши чиққанимни эслайман ))

Ажойиб даврлар эдида...


Кунлардан бир куни, шуларни хаёл қилиб, одатий юмушларим билан кетаётган эдим.
Йўлда бир кишининг хатти-харакати диққатимни тортди:
У киши қўлтиқтаёққа суяниб олганча, қийинчилик билан харакатланар, юзида эса аллақандай қувонч, завқ бор эди. Айни дамда кўпдан бери юра олмай, бугун яна янгитдан харакатланиш неъматини ҳис қилиш бахтини туяр эди, у БАХТЛИ ИНСОН.
Тахмин қилиш қийин эмас. Бу завқ тўла кўзлардаги олов - шукроналик учқунлари.
Ҳар қадамдаги юз ифодалари ҳақиқий бахт қандай бўлишини тушинтирмоқчидай, мана кўр деяётгандай гуё...

Бахт шукрда эканда дея хулоса қилдим!



Тақдир тақозоси билан кўпдан учрашишни ният қилган виртуал саҳифада танишган дўстим билан дийдорлашдим. Суҳбатимиз дақиқаларлардан соатларга уланди.

- Сиздай самимий инсонни учратмаган эдим - дея тан олдим, таассуротларимни яшира олмай.

Дўстим менга ўз ҳаётини, ташвишларию қувончларини гапирар, мен бўлса унинг суҳбат давомида ўз фикрлари ва тасаввурларини жонлантиришда жумлаларни маҳорат билан танлаб олаётганига ҳайратланганча тинглар эдим.
Қаршимда чин маънода юксак маънавият эгаси турарди!

У оғир ҳаёт синовларидан эсон-омон ўтиб олганини ва айнан сабр қилиш неъмати сабаб, ҳозирги бахтли ҳаётидан хурсанд эканлигини гапирди.
Унинг кўзларида илгари кўрган завқни пайқадим.
Бу - бахт тимсоли эди!

“Бахт сабрда экан-да” дея ўйлаб қоламан яна!

Билмадим, хулосаларим сарҳисоби, ожиз ақлим сарҳадларида арзимаган омилдай туюлар балки.
Биргина бахт тушунчасининг таҳлилида аслида бахтни ҳақиқий маъносини чиндан ҳис кила олмайдиган бахтсизлар эмасмикинмиз деб ўйлаб қоламан.

Сабр ва шукр қилишдай бахтни тилайман барчамизга!

Баҳром Аббосов
27.03.2013й






МЕН СЕНИ, СЕН МЕНИ…

“Алвидо” дедик! Кўзимдаги ёшни беркитдим!
“Унутамиз” дедик, эсламаймиз ҳам
МЕН СЕНИ, СЕН МЕНИ…

….Совуқлик беришга урундим нигоҳларимга. Қани энди қисматимга эга бўлолсам.
Журъатимга ўқийман таҳсин. Шунчаки кетаман, қиё боқмайман. Ўгирилиб ҳам қарамам ортга.
Ойлар ўтар. Ўтади йиллар. Асрлардай туюлар менга.
Эсламассан балки, мен нотавонни. Изҳорларим қолди қоғозда. Дод йиғлади қалам ҳатто дардимни билгач.
Суратинга боқиб тўймайман. Бу кўзларинг қачон мени этаркан озод. Хаёлимдан чиқаролмай хунобман баттар.
Ўйлашга ҳаққим йўқ! Ҳақ йўқ сенда ҳам!
Ахир ваъда бергандик-да, ўйламасликка,
МЕН СЕНИ, СЕН МЕНИ…

Шеър битишдан чарчамас юрак. Ой миннатдор бедор тунларга.
Бефарқдай тураман, билдирмай ғамим. Дўстлар даврасида кулиб юраман.
Совуқ нигоҳ, жиддий қарашлар, Сенсизликда топганларим шу.
Миннатдорман, бунга азизам.
…Бугун яна келдим, соғинчлар сабаб, таниш жойлар, таниш ҳиёбон.
Бизга таниш ўша ўриндиқ. Дардларим тингловчи мажнунтол – ана!
Танигандик бўлса эсингда, шу ерларда бир-биримизни.
Сўз бегандик, йўқотмаймиз деб, 
МЕН СЕНИ, СЕН МЕНИ…

...Эҳ, бунчалар қийнар хотиранг. Сенсиз адо бўлганку юрак…
Қулоқсиз танам ҳам бўйсунмас менга. Фақат ақлим, ўзимла қолган.
Тилларимда, дилимда исминг. Кундузимда тунимда исминг. Тушларимни тинч қўй ҳеч йўқса.
…Таслим бўлдим тақдири азал! Бахт тилайман, майли бахтли бўл.
Ёзган сатрларим оловга ошно. Яшайманда, севиб ўзгани.
Соғинаман, ўйлайвераман.
Дардларимиз бир хилдир БАЛКИ.
Аҳир севардик-да, Оллоҳ йўлида,
МЕН СЕНИ, СЕН МЕНИ...

Юрагимни кетдинг парчалаб...

Баҳром АББОСОВ
25.04.2013й









Ҳотиржамлик,
Айни дамда жуда керак шу;
Сукунатни тинглагим келяпти…
Кеча ким эдим-у бугун ким бўлаяпман дея ўйланиб қоламан!
Аҳир мен эмасмидим ҳалол ҳаромдан ақл ўргатадиган ўзича доно…
Энди эса ўзимга ўзим эҳтиёжмандман…
Билмадим…
Ношукрчиликдир балки.
Сабрсизликми ё…
Қилаётган ишларимдан ўзимнинг кўнглим тўлмайди. Бир парча қоғоз учун иймонинида сотаётганларни кўриб ичим узилади.
Аҳир улар ҳам бир умр шундай бўлмаганку…
Балки,
Мен ҳам кейинчалик шундай бўларман.
Алҳазар…
Бу нимаси энди…
Наҳотки тўкислик учун ҳаромга қўл уруш шарт бўлса…Ҳалол яшаб бўлмай қолдими???
Балки…
Ақлим ҳалигача ёшлик қилаётгандир қайсидир ҳаёт фалсафасига.

Ҳаёлпарастлигим рост…
Очиқкўнгил бўлишга интилганман доим…
Лекин…
Ҳаётни ўзи баъзида мажбур қилиб қўяр экан, шафқатсиз бўлишга…
Бир дўстим кўп айтар эди. Бу дунё ўткинчи, яшашга улгуриб қолиш керак деб.
Лавозим, амал, бойлик…
Ҳаммаси ўтгинчи. Ҳатто буюк Искандар ҳам очиқ қўл билан кетган.
Товба…
Асаблар дош бермайди…
Гўёки бу ҳаёт кўнгилачанглар учун эмасдай…
Яҳшиси, рухшуносга учраб олиш керак.
Лекин мени, тинчлантириш учун насиҳат қиладиган руҳшуносни гапларидан маъно топа олмасамчи?
Аслида ҳаётни ўзи яҳши рухшунос эмасми…

Тамом!
Ҳамма ишимни йиғиштирай энди.
Урчий бошлаган бесабрлик ва кибр юракни қийнаб юборябди…
Кетдим сукунатни олдига;

Йўл оламан индамаслар макони томон…

Mr.Anonymous
28.05.2013





ЯНА СОҒИНАМАН…

Соғинаман...
Нега ҳадеб соғинавераман-а? Нега ҳадеб ўйлайвераман? Нега сени такрор ва такрор эслайвераман? Нега сенинг ёдингни хотирамдан ўчиролмай хуноб бўлавераман? Бу яна қанча давом этади? Ахир ҳамма нарсанинг интиҳоси бўлиши керак-ку! 
Суратларингни ёқиб юбордим. Ниҳоят ёқиб юбордим. Битта ҳам қолмади. Ўшанда сени алдаган эдим-да. Ўшанда асраб қўйган эдим-да. Ўшанда бунчалик қийин бўлишини билмаган эдим-да...

Оппоқ саҳифа тўлади. Тезда тўлади. Дардларимдан бағри қора бўлади. Ёзганларимни биров ўқимайди. Уни фақат мен ўқийман. Уни фақат олов ўқийди. 
Яна ёзаман, 
яна ёқаман. 
Яна ёзаман, 
яна ёқаман...
Якунсиз жараён. Мантиқсиз жараён. Мақсадсиз жараён. Ёзганимни биров кўрмайди. Ёзганимни биров билмайди. Бир мен биламан. Бир Худо билади.

Сенсизлик...
Менинг миямга ўрнашиб олди шу сўз. Жойлашиб олди. Тинчлик бермаяпти. Тиним бермай қийнаяпти. Хазм қилолмаяпман. Енголмаяпман. Ҳар гал унутаман дея қилган қарорлариму, ўзимга берган ваъдаларим қуруқ сўзлигича қолаверяпти. Ҳар гал ўйламаслик учун қилган уринишлариму, сўйламаслик ҳақидаги аҳдларим самарасиз бўлаверяпти. Ҳар гал эсламайман дея юрагимга сўз беряпману, ўзим сўзимда туролмаяпман. 

Оппоқ саҳифа тўлади. Яна тўлади. Дардларимдан бағри қора бўлади. Ёзганларимни биров ўқимайди. Уни фақат мен ўқийман. Уни фақат олов ўқийди. 
Яна ўйлайман,
яна ёзаман, 
яна ёқаман. 
Яна эслайман.
яна ёзаман, 
яна ёқаман. 
Якунсиз жараён. Мантиқсиз жараён. Мақсадсиз жараён. Ёзганимни биров кўрмайди. Ёзганимни биров билмайди. Бир мен биламан. Бир Худо билади.

Унутаман...
Бу гал аниқ унутаман. Ахир суратларингни ёқа олдим-ку. Буни эплай олдим-ку. Аввал йўқ бўлган журъатни кеч бўлсада топа олдим-ку. Бошқа ёзмайман. Умуман ёзмайман. Бирор сатр ҳам битмайман. Оловга ҳам иш қолмайди. Мен ҳам тинчийман. Юрагим ҳам тин олади. 
Фақат, бу менинг ўзимни алдаш учун нечинчи бор уринишим бўлади экан? Юзинчисими? Балки мингичисидир? Балки охиргисидир? Балки навбатдагиси...
Унутаман, аниқ унутаман. Ўзимни яна алдайман...

Оппоқ саҳифа яна тўлади. Такрор тўлади. Дардларимдан бағри тим қора бўлади. Ёзганларимни ҳеч ким ўқимайди. Уни фақат ўзим ўқийман. Уни фақат олов ўқийди. 
Яна алдайман,
яна ёзаман, 
яна ёқаман. 
Яна эслайман.
яна ёзаман, 
яна ёқаман. 
Якунсиз жараён. Мантиқсиз жараён. Мақсадсиз жараён. Ёзганимни ҳеч ким кўрмайди. Ёзганимни ҳеч ким билмайди. Бир ўзим биламан. Бир Худо билади.

Баҳром АББОСОВ – Mr.Anonymous
13.03.2014й 23:50






ТЕНТАККИНАМ…

“Атиги ўн дақиқа қолибдику” - ҳаёлимга келган фикрдан ўзим ҳам шошиб қолдим.
Учрашувга кечикиб келишимни ёқтирмайди. Мен эса ҳар гал яна кечикавераман.
Бу гал атай унинг учун севган гулдастани ҳарид қилиб олдим. Эҳтимол шунинг хурматидан бўлсада мени кечирса керак деган орзуда машина тезлигини ошираман.
Кайфиятимга ҳамоҳанг радиодан унга севги изҳор қилган кунимдаги мусиқа янграйди.
Навбатдаги светафор чироғи сариқ рангни кўрсатганида улгурсам керак дея…тўҳтамай қўя қолдим…

…Бир неча сониялар ичида бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтиб кетгандай…

*********
Зарнигор…
Уни биринчи маротаба мактабда ўқиб юрган кезларимда кўрган эдим.
Нозикдан келган, сочлари юзига тушиб турадиган бу соҳибжамол қиз илк учрашувимдаёқ ҳаёлимни ўгирлашга улгурган. 
Кейинчалик эса институтга таётгарлик чоғидаги қўшимча дарсларда яна учратдим.
У вақтларда ўқишга берилиб тузукроқ танишиб олишни ўйламаган ҳам эканман…

Шукр. Олийгоҳга ҳам кириб олдим.
Тақдир дегани шу бўлса керакда. 
Ўқишнинг биринчи куни синфҳонадаги кўплаб нотаниш чеҳралар ичида ўзимга таниш бўлган инсонни кўриб кайфиятим кўтарилиб кетди.
- Заринигор, сиз бу ерда нима қилаяпсиз? – кулимсираб сўрадим ундан.
- Нима қилардим, сиз қилаётган ишни қилаяпманда. – гўзал табассумини яширмади. – Мен ҳам олий маълумотли бўлмоқчиман ахир.
Иккимиз ҳам кулиб юбордик.
Салом алик қолиб, бир-биримизни имтиҳон таассуротлари ҳақидаги саволларга кўмиб ташладик. 
Аввалига кўзимга камгапдай туюлган бу қизнинг аслида жуда очиқ ва ҳушчақчақ эканлиги унга нисбатан куртак ёзишни бошлашга улгурган туйғуларимни янада гуллашига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

У билан танишганимдан бери феълимда ижобий томонга ўзгаришларни пайқадим. 
Айнан у мени ҳаётга бошқача назар билан қарашни ўргата олди. 
Доим қовоғини солиб юрадиган мендай бола шу қиз билан бўладиган давомли мулоқотларим самараси ўлароқ кулишни бошлаган эдим!
Журъатсизлигим сабаб анчагача севишимни айтолмаганман.
Ростда, бизни оилада қиз фарзанд йўқ. Қиз бола билан мулоқот қилиш нарида турсин, кези келганда шунчаки сўрашишга ҳам ботина олмасдим. 
Мени ёшимдаги дўстларим аллақачон уйланишга ҳам улгуришди. Мен эса эндигина ўқишга кира олдим.

Лекин барибир айтишим керак эди-да! Ниҳоят айтдим ҳам!
У вақтлари 4 курсга ўтишга улгурган эдик.
Янги йил оқшоми.
Рақс тушиш баҳонасида ўзимга яқин тутиб олдим.
Дўстларим атай таёрлаб қўйилган мусиқани қўйиб юборишди. 
- Биласанми Зарнигор?
- Лаббай, Баҳром ака! – Худди нима дейишимни таҳмин қилгандай ҳаяжон оҳангини хис қилдим сўзларида.
- Кўпдан бир гап юрагимни қийнайди. Бугун айтмасам бўлмайди шуни. Мен сени севаман…
- Жинни… - шу сўзнигини айтди у.

Қўлларини қўлларимдан озод қилганча ташқарига чопади.
Уялди…
Мен ҳам уялдим чоғи…юзим қизаргани ўзимга ҳам билинар эди ҳатто.

Баҳтлиман жуда! 
Эҳтимол дунёдаги энг баҳтли…
У ҳам мени севса керак ҳарқалай.
“Нега жимсан?” дея ҳабар юбораман. 
“Қизиқсиз а, Баҳром ака?!” жавоб ҳабари келади доимгидай. Жавобан ёзишга сабрим етмай сим қоқаман.
Қўнғироқдай овоз яна хушимни ўгирлайди.
- Нега кетиб қолдинг – дейман жаҳлим чиққанини яширмай.
- Нима қилишим керак эди? Қиз боламан ахир, менга ҳам осон эмас… - гўшак ортидан йиғи овози эшитилади. – илтимос мени қийнаманг…
Гўшакни қўйиб қўйди. 
Ҳаёлларимга ошно бўлганча бўлиб ўтган сухбатдан маъно топа олмай шундай ҳам эзилиб турган юрагимни баттар эздим.
“Балки севган йигити бордир”, миямга келган фикрдан ўзимнинг ҳам рашким келиб кетди.
Лекин аслида мен кимманки уни рашк қилгани. 

Эртага эса у дарсга келмади.
Қўнғироқларимга ҳам жавоб йўқ.
Унга ҳабар юбордим: “Эртага ойим уйингларга боришади…”

Ойимни хурсанд бўлганларини кўрсангиз эди. 
“Ниҳоя мени ўғлим ҳам уйланар эканда” дея қиз дарагини эшитганларидан бери оғизларидан мақтов тушмайди. 
Келин қайнона муносабатлари билан боғлиқ хазиллари билан ҳаммамизни роса кулдирдилар.
Тонггача сухбатлашиб ўтирдик. 
Эрталаб эса ўзим уларни Зарнигорлар уйига ташлаб қўйиб, хуш кайфиятда ўқишга жўнадим.

Бугун яна келмади.
Илгарилари бирор ерда учрашмоқчи бўлсак доим кечикиб келардим. У эса мени койишдан чарчамас эди. 
Уни кайфиятини фақат севимли гулларигина кўтариши мумкинлигини билганим учун ҳар гал кеч қоладиган бўлсам албатта гул сотиб олар эдим. 
Гулдастани кўрганда жуда қувониб кетарди. Қовоқ тумшуқ қилиш мақсадида атай юзига норозилик аломатини беришга урунсада унинг учун ҳарид қилган гулларим сабаб бир зумда барча ҳафагарчиликлар унут бўларди…
Феъли жуда ажойиб эди уни. Бир қараса ундан ҳушчақчақ инсон йўқ, яна бир қараса қандайдир сирни яширгандай ҳомуш бўлиб олади…

Ойимга қўнғироқ қиламан.
- Нима бўлди – дедим қизишимни яшира олмай.
- Ҳеч қанақа тўй бўлмайди – қатъий жавобдан эсанкириб қолаёздим.
- Лекин нега? – саволим ўзимга ҳам эшитилмагандай туюлди.
- У қиз туғмас эканку…

Ойимнинг гаплари худди тушдагидай миямда акс садо берар эди. “У туғмас экан” дейишдими?
Афсуски ростдан шундай экан.
Болалигида аллақандай аёллар касаллигига чалинганлиги учун туғиш имкониятидан мосуво бўлган дея тушунтиришди. Унинг бу қадар ҳомушлик сирини энди билгандайман.
Уни севиб қолишимни бу қадар истамаслиги сабабини ҳам энди тушундим.
Лекин…кеч эди…уни севиб бўлгандим…

Ойим эса уни келин қилишга буткул қарши эдилар.
Тўғрида, ҳамма соғлом ва тўкис келин қилишни истайди. Лекин, мен Зарнигорсиз ҳаётни тасаввур қила олмасдим.
У билан кечган бир неча йиллар мобайнида унга буткул боғланишга улгурган эдим.

“Нега мени қийнайсиз” ҳабар келади телефонимга.
“Севсам мендами айб” дея жавоб юбораман.
“Мени севилишга нолойиқман”… 
“Ундай дема, тентаккинам…сен менга кераксан” дедим. 
Аслида ҳам жуда ҳоҳлар эдим уни баҳтли бўлишини…

Ниҳоят!
Амаллаб ойимни кўндирдим!
Бугун яна бир бориб кўришга қарор қилдилар.
Ўзлари шифокор бўлганликлари учундир эҳтимол…ёки кенжа фарзандлигим учунми, раъйимни қайтармасликни лозим деб билишди…
Ойимнинг шу олийжаноблик феълларига доим қойил қолганман.

Қувончимни бўлишиш мақсадида унга сим қоқаман:
- Кел учрашамиз бугун! – доимгидай салом аликсиз сухбатни бошладим.
- Бугун? Қаерда?
- Ўзимизни хиёбонда. Доимги вақтда. Бу гал кечикмасликка ваъда бераман.
- Алдаманг барибир кечикасиз. Сизни биламанку. Ёлғончи.
- Йўўўқ, кўрасан, бу гал аниқ кечикмайман. Ҳа айтганча, ойимларни яна юбордим уйингларга. Илтимос, яхшилаб тайинла, йўқ дейишмасин. 
- … - гўшак ортидан йиғи садоси келади. – Раҳмат сизга Баҳром ака…!
- Сенга раҳмат, тентаккинам. Ҳали учрашгунча…Биз албатта бахтли бўламиз!

*********
Ойимни уларникига ташлаб ўзим учрашув белгиланган манзилга ошиқаман.
Барибир кеч қолишимни таҳмин қилганим учун йўл-йўлакай унинг севимли гулдастасини ҳарид қилиб олдим.
Бугун унинг учун энг бахтли кун бўлишни истайман!

Кайфиятимга ҳамоҳанг радиодан унга севги изҳор қилган кунимдаги мусиқа янграйди.
Кеч қолаётганим учун газ педалини қаттиқроқ босдим.
Навбатдаги светафор чироғи сариқ рангни кўрсатган бўлсада улгурсам керак дея…тўҳтамай қўя қолдим…

Ён томондан келаётган юк машинасини пайқамай қолибман…

……….

Бир неча дақиқалик узилиш. Хушимни йўқотдим чоғи. 
Кўзимни баъзўр очаман. 
Атрофимда тумонат одам.
Қўлимда ҳалигача телефоним турганини сездим. Аллақандай ҳабар ҳам келибди. 
“Баҳром ака, ойингиз…ойим келибдилар, ҳамма рози. Раҳмат сизга…” ва қувноқ смайликлар…
Юзимга самимий табассум югурди.
Бир неча дақиқага бўлсада уни баҳтли бўлиши учун хисса қўша олганимни ўйлаб ҳотиржам бўлдим.
Жавоб ҳабарини ёзиш мақсадида қўлларимни ҳаракатга келтириш учун қилган уринишларим самарасиз бўлди…

Қулоғимга шовқин аралаш одамларнинг ўзаро шивир-шивирлари эшитилди:
“Афсус ёш йигитча экан…Онасига жабр бўладиган бўлдида…”

Mr.Anonymous
27.09.2013






- Ака, мен бахтсизманми?
У менга шу саволни берди…Ҳаёлларимга берилиб қолибман.
Аслида баҳт нима ўзи у?!

“Баҳт бу тинчлик” деб айтганди бир дўстим…
Ростдан ҳам бахтнинг асоси тинчликку, унга ҳам шунақа дедим…у эса қаноатланмади…
- Барибир баҳтсиздайманда – дейди…

Эндигина 17 баҳорни қаршилаган қизнинг бу қадар дунёлардан норози бўлиши ажабланарли албатта…
Балки, кимнидир севиб қолгандир.
Йўқ, нигоҳларида севгини хис қилмадим.

- Қўй синглим, куюнма…ўткинчи дунё эканку…бир кун ҳақиқий бахт нималигини билиб оларсан?! Ҳозирча ёшсан, ҳаёт ҳали олдинда – дея насиҳат қиламан, аниқ фикр айтишга ожиз қолганча…

Яна ҳаёл ақлимни ўғирлайди…
Нега ҳамма шу саволга бунчалар қизиқмаса. Баҳтли бўлиш учун унинг нималигини билиш шу қадар зарурми…балки…

- Сиз саволларимга аниқ жавоб бермадиз барибир… - қарасам чиндан аразлаб оладиган.
- Юр яҳшиси шаҳар айланамиз. Сенга баҳтли одамларни кўрсатаман - дедим.

Унинг юзида табассум пайдо бўлди.
Ана ўша ҳақиқий баҳт - қувончли нигоҳлар ортидаги шукроналик тимсоли.
У табассум қилди…анчадан бери кўринмай қолган табассумни бу гал мен учун қизғонмади.
- Ака, биласизми нима, мен баҳтлиман - дея жилмайди. – сиздай яқиним борлиги учун ҳам …

Ҳурсандман жуда.
Кўз ёшимни беркитиш мақсадида юзимни олиб қочдим…
- Баҳтингдан ичинга сиғмай, чопқиллаб юрасан ҳали. Ўйланавермагинда хадеб – дейман хўрсиниб - Бирор кун албатта қутуласан шундан…

Бурчакда турган ногиронлик аравачаси норози нигоҳ ташладим.

Mr.Anonymous
15.08.2013





- Эшитдингми, Рустам Россиядан қайтибди?

- Йўғе, эшитмабман-ку.
- Кечқурун, анави янги ҳовлисида ош беряпти, сен ҳам боргин а!
- Ҳўп…

Тиниб тинчимаган болая, мактабни битирганимизга ҳам мана етти йил бўлибди. 

Тайёр институтни ташлаб бир нечта дўстлари билан ишлаб келаман дея мусофир юртга кетганди. Шунча йил ўтиб қайтди. Қучоқлашиб кўришдик. 
Яхшигина ишлаб келгани билиниб турибди. Данғиллама хонадон, сўнгги русумдаги машина.

- Акмал, ҳалиям ўша эски “жигули”ни ҳайдаб юрибсанми? – менсимагандай сўз қотди Рустам.

- Ҳа ўртоқ, насиб бўлса бу йил янгиламоқчиман – ҳижолат бўлиб жавоб беради Акмал.
- Сенчи, Шорасул, домдан ховлига чиқишни ўйламадингми ҳалиям?
- Ҳа энди, секин астада.

Қарасам дўстимиз бирин кетин ҳаммани “қопиб” олаяпти.

Асабим бузилиб, аввалига сўз навбати менга келишини пойлаб жим тураверсаммикин деб ўйладиму, кейин қарасам вазият қалтис, сал йўқса ҳаммани ерга уриш баробарида сўз қотаётган биродаримизнинг кесатиқларига бардошим етмади.

- Рустамжон, дўстим, у ерларда нима иш қилдинг ўзи? – ундан аввал ўзим гапни бошлай қолдим.

- Менми? Асти сўрама! Бир икки бойларни хонадонида тан соқчи эдим, обрўли иш бу…

Рустамнинг гапи оғзида қолди. Ҳонага чойнакда чой кўтариб кириб келган Салима хола унинг гапини бўлиб юборганди.


- Барака топгур ўғлим Московнинг казо-казоларини итларига қарарди...

Рустам хижолат бўлиб юзини олиб қочди. Сал олдин бизга юқоридан менсимай қараб турган инсоннинг бир зумда бу қадар ер бўлиши жуда ғалати туюлар экан очиғи…
- Шунақами? Дўстларингни менсимай қўйишинг учун сенга шунча журъатни ато этган ўша итлар эканда! А лаббай жаноб “итбоқар”???

Даврага енгил кулгу кўтарилди…

Бойвочча дўстимиз эса кўзини ердан узолмасди…

Mr.Anonymous

03.11.2013




Қалб...


Дўстим машинасини тоза қилиб ювиб қўйибди.

- Қойил. Чиройли бўлиб қолибдию.
- Ҳа. Бугун машинамни сотмоқчиман. Шунга яхшилаб “мойка” қилдириб қўйдим. Харидорга чиройли кўринади-да.
Нега унақа қилганини сўраб ҳам ўтирмадим, чунки ҳаммамиз яхши биламизки тоза ва чиройли буюмлар ҳар қандай одамнинг диққатини ўзига жалб қилади.

*****


Ишдан чарчаб келсам юрагимги ҳеч нарса сиғмайди. Ҳудди нимадир етишмаётгандай бир жойда ўтиролмайман. Шунда энг синалган усулга суянаман. ювиниш хонасига кираманда, обдон ювиниб, таҳорат қилиб оламан.

Одам покиза бўлса бошқача енгил бўлиб қолади-да.
Уйқу ҳам бошқача туюлади шунда. Вужуд тиниқиб дам олади. Чарчоқлар чиқади.

Бахтда ҳам худди шунақа!!!

У ҳам сиз ва бизга ўхшаб тоза ва покизаликни ёқтиради. Фақат бу гал нафақат жисмоний, балки қалбан тозалик ҳам мухим.
Юракни кенг қилинг, қалбни тоза сақланг, ниятни покиза қилинг!
Қарабсизки бахт ўзи сизни қувиб келаётганини англаб етасиз!

Савоб қилиш учун имконият бўлишини пойлаб, атайлабдан эл-у юртга ош бериш шарт эмас. Шунчаки қўли юпқароқ қўшнингизга бугун ўзингиз кечки овқатга еяётган таомдан бир косагина чиқариб юборинг-да. Қалбан енгилликни ана ўшанда хис қиласиз.

Шунчаки самимий таббассум қилиш билан ҳам савоб олса бўлади. 

Ана ўшанда, одамлар наздида чин маънода ҳавас қиладиган киши бўлаётганингизни сезасиз.

Ана ўшанда фарзандингиз “Мен фалончининг ўғлиман” дея кўксида ғурур билан номингизни атайди.
Ана ўшанда сизни билганлар “тарбия қилган отасига раҳмат” дея эслашади.

Ана ўшанда...бахт ҳам миллионлаб, миллиардлаб одамлар орасидан айнан сизни танлайди.


Mr.Anonymous

22.12.2013й





Эрта тонгда уйғониб, беиҳтиёр дераза орқали кўчага кўзингиз тушади…
Ташқарида эса шаррос ёмғир қуймоқда…
Куз мавсуми ёзнинг якунланганига шама қилгандай ўзини эмин эркин тутади. Деразага урилаётган ёмғир томчилари, тирқишлар орқали ҳонага ошиқаётгандай…
Бесабрлик қилганча ойнани очиб юборасиз ва ўз навбатида “қулоқсиз” томчилар ҳонани “забт эта” бошлайдилар…!

Ажойиб неъмат бу ёмғир.
Атай қилгандай соябонни уйда унутиб қолдирасиз…ва иш жойигача бўлган ёмғирлар остидаги ажойиб сайр дилларни яйратиб юборади.
Юзга келиб тушаётган шўх томчилар қалбдаги ғуборларни ювиб юбораётгандай…
Ҳар ер - ҳар ерда тўпланишга улгурган кўлмакчалар кийимингиз этагини хўл қилиши мумкинлигини билсангизда пиёда сайр қилгингиз келаверади…
Бир муддат бутун умрингиз кўз олдингиздан ўтгандай бўлади. 
Ишдаги ташвишлар, оила ва шаҳсий муаммоларга алоқадор кичик салбий ҳотиралар… Ҳамма ҳаммасини бир зумда унут бўлгандай…
Бутун ҳафта давомида тунд қиёфани ўзига одат қилишга улгурган чеҳрангизга самимий табассум ўзгача чирой бағишлай бошлайди…

Тўҳтовсиз сайр қилверсангиз…Йўлнинг охири бўлмаса…
Фақат…
Фақат, бу сайрда сиз билан яқин инсонинггиз ҳамрох бўлса яна яхши…!
Биргаликда бўладиган бу каби сайрдан қалбингиз ором олгандай бўлади, руҳингиз эса маънавий қувват олади…

Фасллар алмашади…
Кеча ёз эди. Бугун куз.
Қанча фаслларни ортда қолдирдик. Яна қанчаси қолди…бир Ўзигагина аён…
Болаликдаги ёмғир остидаги беташвиш сайрлар, қорбўрон ўйинлари. 
Куни кеча бу каби шўҳликлардан ўзимизни тия олмай кўчага ошиқсак, ҳозирда “юр” дея таклиф қилишсада, фурсат қила олмай, тинчгина дераза орқали кузатишни афзал биламиз…Негадир вақт ўтган сари булар ҳаммаси биз учун эриш туюла бошлайди…

Эҳтимол, бу ҳаммаси улғайишдир…
Вақти келиб эса қишнинг чақиб олувчи совуқлари, ёзнинг жазирамалари келганда эса бу ажойиб ёмғирнинг қадри билинади. 
Ана ўшанда бу неъматни тўлақонлик хис қилишга улгурмаганимизга ачинамиз…

Шундай экан…дўстим…
Ажойиб ёмғирлар мавсумини қўлдан чиқарманг.

Азиз инсонингизга эса унутилмас кун ҳадя этишга шошилинг…









Жажжи ФАРИШТА

– Жуда чиройли қиз эканми?!
– Кимни айтяпсан?
– Ҳов ана, қара!
Дўстим кўрсатган томонга қараб, у боядан бери мақтаётган қизни излаб қолдим. 
Тумонат одам йиғилган. 
Ўзбегимнинг тўйи шуниси билан қизиқ-да. Қадрдон дўстларимиздан бири уйланяпти ахир. Хизмат билан бўлиб, атрофдагиларга эътибор ҳам қилмабман.
– Қани, қайси бирини айтяпсан? У ерда қизлар кўп-ку?
– Ҳов анави, қизил кийимдагиси. Сочини ёзиб олибди-ку.
Кўпчилик қизлар орасидан у айтаётган қизни топдим, чамамда. Юрагим увишиб кетди. Наҳотки?! Хаёлларим ўзимга бўйсунмай қолди. Ахир бу Гули-ку!.. Ўша қачонлардир мен севган... Қачонлардир биргаликда бахтли бўлиш аҳдини қилган қиз. Тасодифларга ишонмайман. Йўқ, бу тасодиф эмас. Тақдирдир, эҳтимол. Уни кўрмаганимга ҳам тўрт йил бўлибди. У янада гўзаллашибди. Онаси бетоб бўлиб қолгач, бувисиникига, Андижонга кўчиб кетишган эди. “Эҳтимол, турмушга ҳам чиқиб бўлгандир...”

******
– Гулим, бугун очилиб кетибсанми?
– Жиннивой, шунақа қилаверсангиз, кетиб қоламан, – аразлаган кишидай юзини олиб қочади.
– Хўп-хўп. Айтганча, тез орада китобим чиқади.
– Мен сизга ишонаман. Сиз келажакда катта ёзувчи бўласиз!
– Ёзувчининг хотини бўлиш ҳам осон эмас лекин. 
Ҳазилим ўзимга ёқиб, қаҳ-қаҳ отиб кулдим. У эса гапларимдан уялиб, тескари ўтириб олди.
– Тентаккинам. Яна аразми? Бунақа аразлайверсанг, шартта тураман-да, мен ҳам кетиб қоламан. 
– Баҳром ака...
– Ҳмм...
– Мен ҳақимдаям ёзасизми? 
– Сен ҳақингда? Буни ўйлаб кўрмаган эканман. Сен ҳақингда нима ёзай? Шеърми ёки ҳикоя?
– Ўзингиз тангланг-да. Фақат, номи “Жажжи фаришта” бўла қолсин... 
– Қизиқ экансан-ку. Номини ҳам топиб қўйибсан-да. Хўп, албатта, ёзаман! 
– Ваъда берасиз-а?
– Хўп дедим-ку...

******
– Хаёлинг қаёқда сенинг? – дўстимнинг бу гапидан фикрларим чалкашиб кетди. Сал қолса, тўйда эканлигимни ҳам унутар эканман. – Юр, куёвни даврага олиб чиқамиз!
– Сен боравер, мен ҳозир...
Айни дамда юрагимга негадир рақс сиғмасди. Ўтирган жойимдан уни зимдан уни кузатаман. Бу нигоҳ, бу сочлар... Ақлимни ўғирлаб олган ўша сирли табассум. Ёнидаги дугоналарига қовоқ уйганда, айниқса, бошқача гўзаллашиб кетарди. Ўтган йиллар давомида у янада очилибди, яна ҳам улғайибди! Энди у аввалги жажжи қизалоқ эмас. Энди у, эҳтимол, қайсидир оиланинг бекасидир...
– Кимга бунча тикилиб қолдинг? – ҳолатимни пайқаган Рустам жилмайибгина сўз қотди.
– Ҳеч кимга. Шунчаки ўзим... – сир бой бермай, юзимни бошқа томонга буриб олдим.
– Ҳеч кимга эмиш! Шоир дўстимиз яна бирортасини севиб қолгандир-да.
– Оббо, Саид, сенга фақат кулги бўлса? Бас қил! – Рустамнинг шу феълини яхши кўраман. Ноқулай вазиятга тушиб қолсам, доим ёнимни олади.
– Хўп. Мен нима дедим? Ҳазил ҳам қилиб бўлмайдими энди?
Рустам – энг яқин дўстим. Гули билан бўлган муносабатларимдан фақат у хабардор эди. Мен боядан бери қараб турган стол атрофидаги қизларга бир муддат кўз югуртириб чиқди. 
– Ҳа, гап буёқда экан-да! Мен эса уни аллақачон унутгансан деб юрибман.
– Эҳтимол, унутгандирман...
– Ёлғон гапирмасанг-чи. Сени яхши биламан. У кетгандан бери ижодни ҳам ташлаб қўйдинг. 
– Ахир у мени ёзишга ундаб турар эди-да...
– Шунақа дегин... – Рустам бошини сарак-сарак қилганча, ўрнидан туриб олди.
– Йўл бўлсин?
– Ҳозир боплайман. Қараб тур!

Рустам аста хонандалар томон юрди. “Бир балони бошламаса-да бу бола” деб юрагим ҳалак бўлди. Унинг феъли маълум: ҳеч нимадан тап тортмайдиган йигитлардан. Даврага чиқиб, хонандаларнинг қулоғига бир нималар деб шипшитганини кўрдим.
Даврани олиб борувчининг навбатдаги гапларидан эсим оғаёзди! “Икки ёшга бахт тилаш учун сўз навбатини келин-куёвимизнинг қадрдон дўстлари – Баҳромжон ва Гулрухсорларга берамиз! Марҳамат!”
Ичимда қўрқиб турган ҳодиса содир бўлгани аниқ эди. “Ярамас, Рустам! Нималар қилиб қўйдинг-а?”

Қадамларим ўзимга бўйсунмасди. Турган жойимдан саҳнагача бўлган масофа чақиримдай туюлиб кетди. 
Ниҳоят... Нигоҳлар тўқнашди! Кулиб келаётган қиз бир зумда жиддийлашиб қолса бўладими... Икки ёшга бахт тиладик. Жўяли гап ҳам гапиролмадим. У ҳам бир нималар деди-ю, ташқарига қараб югурди. Ортидан унга эргашдим.

– Гули, тўхтасанг-чи...
– ...
– Гули дедим, – қўлидан тутиб, ўзимга қаратиб олдим. 
Эндигина унинг кўзидан шашқатор оқаётган ёшни пайқабман. Икки кўзидан дарё бўлиб оқаётган кўз ёшлари юзига аста томар, айни дамдаги ой шуъласида уни янада гўзал қилиб юборар эди. Унга ҳатто йиғлаш ҳам ярашади-я.
– Қўйиб юборинг!
– Қаёққа кетяпсан ахир?!
– Уйга!
– Ўзим сени ташлаб қўяман.
– Ҳожати йўқ. 
– Кеч бўлганда қиз болага ёлғиз юришга ким қўйибди. Ўтир дедим!
Қўярда-қўймай орқа ўриндиққа ўтирғиздим-да, машинани ўт олдирдим.
Бир дам жим кетдик. На мен гапира оламан ва на у. Ўртага оғир сукунат чўмди. Қанийди, аввалги журъатим бўлса-ю, уни қанчалар яхши кўришимни айта олсам.
– Қаерга ҳайдай?
– Маҳалламни биласиз-ку. Бир йил бўлди қайтганимизга.
– Бир йил? Нега эртароқ хабар қилмадинг?! 
– Нима дейишим керак эди?
– Турмушга чиққандирсан, ҳойнаҳой?
Саволим билан уни хижолат қилиб қўйдим, чоғи, жим бўлиб қолди. Орқани кўрсатувчи ойна орқали унга қараб-қараб оламан. Йиғини бас қилибди, ҳартугул.
– Йўқ...
– Мен ҳам уйланмадим... – тилла топган кишидай оғзим қулоғимда. Ахир шу жавоб тақдиримни ҳал қилиши мумкин эди-да!
– Ойинг яхшими?
– Ҳа, шукр. Яхши бўлиб қолди.
– Очилиб кетибсан.
– Ҳей! Ҳалиям ўзгармабсиз-а? Машинани тўхтатинг. У ёғига ўзим кетаман.
– Ҳечам-да. Етай деб қолдик. Сабр қилиб турсанг, уйингга етамиз. Жиннивой, соғинмадингми?
– ...
– Мен эса соғиндим, жудаям! Ишонмайсанми, қандай ишонтирай? 
– Жинни! – кулимсираб ташқарини кузатиб кетаётганини кўриб, кўнглим хотиржам бўлди. Демак, унутмаган...
– Менга қара. Нега индамай кетиб қолгандинг? Бир оғиз манзилингни айтиб кетиш қийинмиди?
– У вақтда онамдан бошқа ҳеч нима юрагимга сиғмас эди...
Қарасам, яна хомуш бўлиб оладиган. Гулининг қўл телефонини олиб, ўз рақамимни тердим. Баҳонада унинг ҳам рақамини билиб олдим.
– Эртага уйингга келаман! Эҳтимол, уйдагилар билан бирга бўлишим ҳам мумкин. Тушундингми?
– Билганингизни қилинг...
Машинадан тушиб, эшик остонасига етганида жилмайиб мен томонга қараб қўйгани юрагимни ёқиб юборди. Ниҳоят, яна уни топиб олганимдан беҳад шод эдим.

Туни билан мижжа қоқмай чиқдим. Уйқу келармиди? Соат ҳам тунги иккидан ўтиб кетганини кўрсатмоқда. Менга нима бўлди ўзи? Наҳотки уни шу қадар қаттиқ севсам. У кетганидан бери бунақа уйқусизликлар кўп бўлар эди. Эҳтимол, ёлғизликка кўниколмаган юрак шу йўл билан менга нисбатан қўзғолон қилаётгандир. Бугунги бедорлик эса ҳаммасидан бошқачароқ эди. Бу гал яхши кайфият билан тонг отишини кутиб оламан чоғи.
Телефон орқали унга хабар йўлласаммикин? Кеч бўлганда безовта қилишим ёқмай, жаҳл қилиб қолса-чи? Бу тун бунчалар узун бўлмаса? Йўқ, бари бир бўлмади. Ётоғимдан туриб олдим. Тавба, анчадан бери ҳис қилмаган туйғуларим ичимга сиғмай кетаётган эди. Бу нима экан? Севгининг қудратими ё?

Буюмларим орасидан эски, сарғайиб кетган дафтарни олдим. Қалингина. Шу ерда қаламим ҳам турганди. Бирор нарса ёзмасам, бўлмасди. Ахир бугун яна илҳомимни топиб олган эдим-да.
Эски қўлёзмаларимни олиб, аста варақладим. Ҳаммаси унга аталган дил номалари, шеърлар... “Мен ҳақимда ёзасизми?” деган киноясини эслаб, кулиб қўйдим. “Ахир ҳамма ижодим фақат сен учун эди-ку!”

Ижод қилмай қўйганимга ҳам кўп бўлибди. Дафтардан янги саҳифа очдим-да, бир муддат нима деб ёзишни билмай, бошим қотди! Ниҳоят... Миямни кемираётган фикрлар уни тарк этмасидан, қоғозга тушириб олишга ошиқдим. Хаёлан унинг табассумини тасаввуримга жойладим-да, ўз-ўзидан қуйилиб келаётган сўзлардан янги дил номасини киритишга киришдим. Энг аввало, ёзмоқчи бўлган ижод намунамнинг сарлавҳасини битиб қўйдим: “Жажжи фаришта...”

Соғиндим-ку кулгуларингни, 
Ақлим ўғрилари, найза киприклар.
Соғиндим-ку, қўлларим тутиб,
Қайсар орзуларим сенга етаклар.
Соғиндимку...

Баҳром АББОСОВ – Mr.Anonymous
13.01.2014й


3 комментария: