воскресенье, 29 июня 2014 г.

Tohir Malik


Қасос

Номуссизлик гар илашса никоҳ ипига
Аёл қалби шу қадар ҳам қонсирагайки,
Тополмайсиз ер юзидан бунақасини!
(Еврипид. “Медея”. Асқар Қосим таржимаси)
Дугонаси хушхабар айтиб, суюнчи сўради.
Латифа буни эшитиб, қувониши лозим эди. Чунки, шу ҳол юз беришини истаб, Худога неча бор муножот этди. Аллоҳга илтижоларим етиб борармикин, ниятимга етмай ўлиб кетмасмикинман, деб қўрқиб юрган кезлари ҳам бўлди. Ниҳоят... оҳлари Яратганга етиб борибди. Шу ҳол юз берса армоним қолмайди, қувончларим дунёга сиғмай кетади, деб ўйларди.
Хушхабарни эшитиб нимага қувонмади? Вужудига нима учун афсус тўр ёя бошлади? Кўнгилга шодлик бахш этиши лозим бўлган янгиликни етказган дугонасига нима учун жавоб қайтармай, жимиб қолди? Бу ҳолати суюнчилаб телефон қилган дугонасигагина эмас, ҳатто ўзига ҳам номаълум эди.
-Латиф, эшитяпсанми?-дугонаси гўшакнинг гаранг қулоғини очмоқчи бўлгандек, бир-икки қаттиқ пуфлади.
-Эшитяпман,-деди Латифа синиқ овозда.
-Эринг қўл-оёқсиз, шол бўлиб қолибди. Тили ҳам айланмасмиш. Хотини уйига олиб келмай, касалхонадан тўппа-тўғри қариялар уйига олиб бориб ташлабди. Вой тавба-я! Ўттиз беш ёшли йигитни ҳам қариялар уйига олаверишар эканда-а? Эшитяпсанми?
Латифа эшитар, аммо дугонасининг сўзларини дуруст англамас эди. Гўшакни аста жойига қўйди. Бармоқлари титраётганини ўзи сезмади – деразага орқа қилиб ўтирувчи Маъсума сезди. Тўғрида ўтирадиган, Латифага тез-тез ўғринча қараб қўядиган Содиқжон ҳам сезди. Латифа ҳайкал ҳолига кирган эди. Ўзига дам-бадам қараб қўяётган нигоҳларни сезмасди. Уни чуқур ўйга ботди, деб ҳам бўлмайди. У ҳеч нимани ўйламас, боши ғовлаб, бўшаб қолгандай эди. Содиқжон “Аҳволини сўраб, билсангиз-чи?” деган маънода Маъсумага кўз тикди. Маъсума бу қараш замирида қандай мақсад яширинганини сезса-да, сезмагандай ўтирди. У беғамлиги учун семирганми, ё семириб сўнг беғам бўлиб қолганми – буниси Яратганга маълум, ҳар ҳолда ҳеч бир ишда шошилмайди. Мана шу одати баъзан кулгига сабаб бўларди, баъзан эса ҳамхоналарининг юраклари тарс ёрилиб кетай дерди. Содиқжон ҳозир шу ҳолга тушди. Томоғини қириб, яна унга қараб қўйди. Маъсума қоғозларини титиб, нимадир қидирди. Шундан сўнггина Латифага қаради:
-Латифа, олдинги ойнинг ҳисоботидан сизда қолмаганми? Қуриб кетгурни қаёққа қўйганимни билолмаяпман.
Бу савол Латифани карахтлик домидан озод қилди. Лекин Маъсуманинг гапини дарров англай олмади. Маъсума эса унинг аҳволини сезмагандек гапираверди:
-Бугун мудиримиз чап ёни билан турганми, эрталабдан бери менга минғирлайди. Ўтган ой ҳисоботини қайта кўриб чиқинг, дейди. Бир нусҳасини сизга бермабмидим?
Латифа энди унга ажабланиб қаради – эрталаб ҳам шуни сўровди. “Эси оғиб қолганми, нима бало?” деб ўйлади-да, қисқа қилиб: “йўқ”, деди. Маъсума Содиқжонга қаради. Унинг беғам боқувчи кўзларидан: “Фаросатингиз борми, чиқиб турсангиз-чи”, деган маънони уққан Содиқжон қўлига илинган бир варақ қоғозни олиб, ўрнидан турди. У чиқиб кетиши билан Маъсума Латифани саволга тутди:
-Тинчликми, Латифа, ёмон гап эшитмадингизми, ишқилиб?
Латифа унга ялт этиб қаради. “Қандай сезди, бу беғам? Бирдан ўзгариб кетдимми?”
-Тинчлик... дугонам сал ҳовлиқмароқ... Бир танишим касал экан... шунга...
-Ҳа-а... Энди иссиқ жон, бир касал бўлади, бир тузалади. Чойнакни қўйиб юборинг, чой ичадиган вақт бўлди.
Электр улагич китоб жавонининг панасида, Латифанинг шундайгина ён томонида эди. Шу сабабли хонада чойхоначилик вазифасини ҳаммавақт беминнат бажарса-да, бу сафар малол келди. Чойнакни токка улаб, ўрнидан турди-ю, даҳлизга чиқди. Маъсума унинг изидан маънодор қараб қолди.
Даҳлиздаги дераза олдида Содиқжон бир варақ қоғозни буклаб ушлаган ҳолда турарди. Латифанинг чиқишини кутмагани учун нима дейишини билмай, тараддудланди.
Содиқжон билан Латифа тенгдош, институтда бирга ўқишган. Талабалик йилларидаёқ бир-бирларига майллари бўлган, лекин тақдир йўриғи дегандек, турмуш йўллари айри-айри тушди. Улар бир-бирларини ёқтирар эдилар. Аммо бу ёқтириш ота-она истагига қарши исён кўтара олувчи қудратга, аниқроқ айтилса – муҳаббат даржасига етмаган эди. Олдинма-кейин бўлиб ўтган тўйларидан сўнг, айниқса, оилаларида нохушликлар юзага келган дамларда бир-бирларини қўмсардилар. Бироқ, бу қўмсаш капалак умри мисол узоққа етмас эди. Ҳар иккови бир-бирига бўлган муносабатни кўп ўйлашарди: “Уни ёқтирганим ҳолда нима учун ҳамма нарсадан шартта воз кечиб, У билан бирга бўла қолмайман?” деган унча мураккаб бўлмаган саволга қарийб ўн йилдан бери жавоб топиша олмас эдилар. Ёшлик ҳислари аста сўниб, турмуш номли дарахтнинг аччиқ меваларидан тўйиб-тўйиб егач, бу савол чигали ечила бошланади. Ораларидаги туйғу тўшакка етакловчи муҳаббат эмас, балки турмушнинг тиканли йўлларида мадад бергувчи меҳр эканини англаб етадилар. Унга қадар эса бу туйғу нима эканини билмай қийналадилар, атрофдагилар эса уларнинг муносабатларини бошқача талқин қилаверадилар. Тўғри, Латифа эри билан ажралишгач, Содиқжон уни бир-икки марта кинога таклиф қилди. Латифа ўн уч ёшли қизалоқ эмаски, бу таклифларнинг маъносини англаб етмаса. Аввал гапни ҳазилга бурди. Таклиф такрорланавергач:
-Сиз мени эрсираган шалоқ хотин деб ўйлаяпсизми?-деб дангал айтди.
Содиқжон бу жавобни эшитиб, довдиради. Тўғри кўнгилда эканини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлди. Шуниси ортиқча эди. Чунки жувоннинг жавоби таклифга яраша бўлган эди. Содиқжон шундан сўнг ўзини тийди. Лекин: “Рўпарангга қара, бу маҳлиқонинг эри йўқ, ўзи ёшгина бўлса, эрсиз қийналади. Сенга ўша гапини бир айтди-қўйди-да. Унга қараб-қараб, кўзингни узма. Кўзларинг билан уни ўзингга ром қилиб ол!” деб васвасага солувчи шайтонни ҳайдаб юбора олмас эди. Баъзан эса ўйга толарди: “Шунча пайтдан бери эрсиз юриб кўникдими ё битта-яримта билан пинҳона дон олишиб юрганмикин?” Шу фикр уйғонган дамдаёқ томоғига ғазаб ўти бостириб келади. Хаёлидаги ўша мавҳум хушторни бўғиб ўлдиргиси келади. Ўзича “Ким бўлиши мумкин у мараз?” деб, танишларини бир-бир кўз олдига келтиради. Латифа жилмайиб гаплашиб турган эркакларни шубҳа остига олаверади. Хуллас, Латифа эридан ажралишганидан кейин неча йил ўтган бўлса, шунча йил Содиқжон шу ҳолда куяди. Ҳозир даҳлизга чиқиб турганида ҳам хаёли шу томонга бир оғди. Латифага гапиролмай қолгани ҳам шундан. Латифа унинг нима учун чиқиб турганини билса ҳам, ўзини билмаганга олди:
-Чой қўйдим,-деди ҳотиржам овозда.
-Ёмон хабар эшитдингизми?-деди Содиқжон, унинг кўзига тик қараб.
“Ёмон хабармиди?-деб ўзига ўзи савол берди Латифа.-Чиндан ҳам нима бу – ёмон гапми ё хушхабарми? Нима учун ўзгариб кетдим. Ўзгарганимни булар ҳам сезишибди...”
-Нимага ёмон хабар? Шунчаки бир гап,-деди Латифа осойишта оҳангга кўчиб.
-Бирдан ғалати... бўлиб қолдингиз?
-Бошим оғрияпти. Магнит бўрони куни эмасми бугун? Мен кета қолай, чойга ўзингиз қарарсиз.
Латифа шундай деб ичкари кирди-да, столи устини йиғиштиришга ҳам тоқат қилмай, Маъсума билан хайрлашиб, сумкасини олиб чиқди.
Хонага қайтиб кирган Содиқжонни Маъсуманинг маънодор қараши қарши олди.
Латифа хаёлини чалғитиш учун бир оз пиёда юрмоқчи бўлди. Харид қилиш нияти бўлмаса-да, йўлида учраган дўконларга ҳам кириб чиқди. Ёнма-ён юрган эр-хотинни кўрди дегунча, кўз олдида эри гавдаланиб, юраги сиқилаверди. Бундай нохуш ҳолатдан чиқишнинг бирдан бир чораси – уйга бориш эди.
Қўшни иморатларга нисбатан кўркамроқ қилиб солинган, болалиги ўтган, бахт илинжида “ёр-ёр” билан тарк этиб, сўнг икки ўғил билан қайтиб келган уй бу онда кўзига шумшук бўлиб кўринди. Акаси куёвининг харом-харишдан қайтмас одам эканини билиб, уни шарманда ҳолида ўз кўзи билан кўргач, Латифани ўша куниёқ кўчириб келган эди. Ўғлининг каттаси эндигина атак-чечак қилаётган эди. Кичиги туғилиб, туғруқхонадан уйга кетиш учун ижозат теккан кун эди. Куёв бўлмиш Толиб уларни анча куттирди. Келавермагач, акаси, янгаси Латифани уйга бошлаб боришди. Боришди-ю... Толибнинг маишати устидан чиқишди. Латифа остона ҳатлаб ичкари кирмади. Ажрашаётган пайтда суд уч хонали уйнинг икки хонасини унга хатлаб берганда ҳам ҳаққидан воз кечди. Аниқроғи, акаси олдирмади. “Наҳс босган уй ўзига буюрсин”, деди. Ана ўшандан бери Латифа шу уйда. Ўғиллари тоғасини “опоқдада” дейишади. Латифанинг бахтига “адам қанилар?” деб сўрашмайди. Отадан олиши керак бўлган меҳрни тоғадан олгани сабабли сўрамасалар керак. Баъзан Латифа “нега сўрашмайди?” деб аччиқланади. Ҳозир бўлмаса ҳам кейинроқ бориб сўрашларини билади. Орадан йиллар ўтиб, сўрашганида нима деб жавоб беради? “Отанг хотинбоз эди, шалоқ эди, шунинг учун ажрашиб кетганмиз” дейдими?.. Латифа келажакда содир бўлажак мана шу манзарадан қўрқади. Ота-онанинг қилмишига фарзанд бир кунмас-бир кун ҳукм чиқаради. Қандай бўлади бу ҳукм? Ким айбдор деб топилади? Эр-хотин ажралишиб кетаверишади. Униси бошқага уйланади, буниси бошқаси билан турмуш қуради. Бола эса ўзича улғаяверади. Бола улғайиб ким бўлиб етишганидан қатъи назар, ҳукмни ўқийди. Худо ўз жазосини ана шу фарзанд ҳукмига жо қилади. Латифа шу жазодан қўрқади.
Қўрқишига эса сабаб бор. Уларнинг идорасида Зеби кампир деган фаррош бўларди. Четдан қараган киши супургини кўтаролмай йиқилиб тушса керак, деб ўйларди. Зеби кампир қорни очлиги учун эмас, уйдан нарироқ – одамлар орасида юриш учун ҳам ишларди. Бошқа фаррошлар ишларини барвақт бажариб кетишарди. Зеби кампир эса кечгача идорада бўларди. Бир куни Зеби кампир Латифага хасрат дастурхонини очган эди. Унинг биринчи эри мамлакатда қулоқларга қарши кураш бошланганида бола-чақам сарсон бўлмасин менга қўшилиб, деган мақсадда хотинига талоқ хати берган эди. Зеби икки ўғли билан қолган эди ўшанда. Эри дом-дараксиз кетди. Ўлдими ё бошқа оила қурдими, ҳеч ким билмайди. Бу орада очарчилик бошланди. Зеби икки гўдагини боқолмас эди. Очликдан ўлиб қолишмасин, деб уларни етимхонага берди.Сўнг инсофли бир одам билан турмуш қургач, ўғилларини етимхонадан қайтариб олди. Иккинчи эри болаларига ўгайлик қилмади. То урушга кетгунига қадар уларга ола қарамади. Тақдир экан. У ҳам урушда изсиз кетди. Зеби бошқа турмуш қурмади. Аммо “сен бизни етимхонага топширгансан”, деган лаънат тамғаси бир умр кўкрагига урилди. Бу тамға шу кунгача кетмайди. Ўғиллари набира кўришган бўлишса-да, онанинг ўша қилмишини кечиришмайди. Зеби кампирнинг набиралари ҳам унга нисбатан бемеҳр бўлиб улғайишди.
Кампир шундан куяр эди. У хасрат қиларди, аммо ўғилларини айбламасди. Ҳамма айбни ўзига оларди. “Ўшанда аҳмоқлик қилганман. Болаларимнинг ризқини Худонинг ўзи берарди!”-деб ўзига лаънат ўқийди. Зеби кампир тамом кучдан қолгач, идора аҳли бамаслаҳат ҳолда уни қариялар уйига олиб боришди. Кампирнинг ўғиллари бу тадбирга монелик қилмадилар. Ўтган йили Зеби кампирнинг қазоси етганида уни идора аҳли дафн этди. Ўғилларига хабар беришни лозим топишмади.
Латифа Зеби кампирни кўп эслайди. Эслаганда юраги ғалати бўлиб кетади. Дугонаси: “Шундай юраверасанми, ўғилларингни аканг боқмаса, болалар уйига бергину бошқа эрга тег!” деганида танасидан жони чиқиб кетай деди. Бир неча кун давомида юрса ҳам, турса ҳам Зеби кампирнинг мунгли нигоҳи уни таъқиб қилди. Ростдан ҳам болаларини етимхонага топширгандай, ўғиллари чирқиллаб йиғлаётгандай туюлаверди. Тушларига Зеби кампир кириб: “Мен нима учун сенга ўз дардимни айтган эдим? Менинг тақдиримдан ибрат олмадингми?”-деб саволга тутаверади.
Ҳозир уйи остонасига қадам қўяётганида нима учундир яна ўша ҳолни эслади.
Дарвоза очиқ, аммо ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Латифа ҳовли этагидаги олди пешайвон уйга қараб юрди. У эри билан ажралишгач, ота-онамнинг жонлари узилган жой, деб шу уйда яшаш истагини билдирган эди.
Остона ҳатлаб ичкари кириши билан сал енгилроқ тортгандай бўлди. Кийимини алмаштирмаган ҳолда тахмон пойига тўшалган кўрпачага ёнбошлади. “Менга нима бўлди ўзи?-деб ўйлади у.-Унга ачиндимми? У ким менга? Шилтаси чиқиб юра-юра шу тақдирни топибди. Баттар бўлмайдими? Нега ғалати бўлиб кетдим?..”
Латифа бу саволининг жавобини яхши биларди. Билса-да, тилга чиқариш у ёқда турсин, хаёлига келтиришни ҳам истамасди.
Иккинчи ўғлига бошқоронғи бўлиб юрган кезлари эри билан ғижиллашиб, “уйимга кетаман”, деб пўписа қилганида Толиб: “кетсанг кетавер”, деб осонгина жавоб берганди. Латифа тўнғичини олиб, уйига келди. Эрини икки кун кутди. Аразлаб келганини акасидан яширди. “Куёвингиз сафардалар”, деб алдади. Учинчи куни уйига борса, Толиб биттаси билан ҳиринглашиб ўтирибди. “Ўзинг кетдинг, нима, мен пенсионер чолманми индамай ўтираверадиган”, деб айбни Латифанинг ўзига ағдариб қўя қолди.
Латифа аламини йиғидан олди. Дардини совуқ деворларга айтди. Уйига ўт қўйгиси келди. Бир оз овунгач, улар ётган ўрин-кўрпани йиғиштирди. Қўллари нажасга теккандек ирганди. Бу кўрпани онаси раҳматли ўз қўллари билан қавиб берган эди. Шуни булғанишига сира чидай олмади. Ярим тунда кўрпа, чойшаб, ёстиқларни олиб, тўрт қаватли уй этагидаги ахлатхонага олиб бориб, ёқиб юборди. Назарида ўт бутун ифлосликларни куйдириб юборгандай бўлди. Афсуски, ҳатто оловнинг ҳам бунга қурби етмас экан.
Ана ўшанда дилида бир алам вулқони портлаган эди. Ана ўшанда илк марта Яратганга ялинган эди: “Э Худойим, харомдан қайтмаган бу балойингнинг қўл-оёқларини шол қилиб қўйгин. Ана ўшанда мен бир эркакни бошлаб келайинда, унинг шундайгина кўз ўнгида гуноҳларга ботайин. Бу гуноҳим учун кейин қандай жазо берсанг ҳам розиман!” деб эди. Алам устида хаёлига келган бу нидони эслаганида баъзан ўзидан ўзи уялади, баъзан эса нафратланади. “У паст кетса, мен ҳам паст кетайинми?” деб ўйлайди. Лекин бу қасос нидосидан бутунлай воз кечкиси ҳам келмайди.
Мана, ниҳоят, у шол бўлибди. Энди нима қилади? Қасамини амалга оширадими?
Шу фикр хаёлига урилиб, вужуди кирланиб кетгандай бўлди. Худди ўша ўрин-кўрпани йиғаётганда иргангандай ўзидан ўзи ирганди. Қаддини кўтариб, ўтириб олди. Қулоқлари шанғиллади. Икки чаккасига кафтларини босиб, кўзларини юмди.
-Латифагинам, сенга нима бўлди?
Овозни эшитиши билан юраги қинидан чиқиб кетай деди. Кўзларини шарт очиб, деразага тақаб қўйилган каравотга қаради. Онаси то жони узилгунига қадар ўша ерда ётарди. Бу каравот ҳозир Латифанинг ётар жойи. Онаси уни эркалаганида “Латифагинам” дерди. Латифа ота уйига қайтиб келганидан бери онаси билан тез-тез гаплашади. Хаёлан бўладиган бу суҳбатлар баъзан тонготаргача давом этади. Бу суҳбат мазмуни фақат ўзига-ю, Яратганга аён. Баъзан тўнғич ўғли уйғониб қолганида ўзи ерда ўтириб, бошини каравотдаги ёстиққа қўйиб олган онасига ажабланиб қараб туради. Бир-икки марта чўчибгина “ойижон”, деб чақирганида Латифа индамагач, “шунақа ўтириб ухлашни яхши кўрадилар”, деган тўхтамга келиб, эътибор бермай қўйган.
-Латифагинам, сенга нима бўлди?
Латифа беихтиёр равишда каравот сари сурилиб келди. Бошини ёстиққа астагина қўйди худди онасининг юзларига юзини қўйгандай бўлди. Дераза дарчасидан уфурган ел сочларига урилди – худди онаси сочларини силагандай бўлди.
-Нима бўлганини ўзим ҳам билмайман. Анавини... қарғаган эдим... қарғишим урибди – шол бўлиб қолибди.
Латифа шундай деб пичирлади-да, жим бўлди.
-Юрагингдаги гапни айтмаяпсан?
-Юрагимдагини... Мен қасам ичганман, биласиз. Энди қасос олишим керак.
-“Ал қасосул минал Ҳақ!” Қасос –Ҳақдандир. Худо уриб қўйибди-ку? Шунинг ўзи кифоя унга.
-Йўқ, етмайди, ойижон. Ҳозир унинг жисми оғриқда. Руҳи-чи? Қилган ишларидан пушаймон еяптими? Емайди. Тавба қилишга унинг фаҳми етмайди. Фаҳми етганида болалари туғилган уйга ифлосларни бошлаб келмас эди. Мен унинг руҳига ханжар санчишим керак. Ойижон, қийналиб кетдим. Агар шундай қилмасам, ё жинни бўламан ё юрагим ёрилиб ўламан.
-Нима қилмоқчисан?
-Олдига бораман.
-Кейин-чи?
-Содиқжон билан бирга бораман. У мени яхши кўради. Нима десам шуни қилади.
-Содиқжоннинг оиласини бузмоқчимисан? Ўзингнинг етимларинг камми? Йўқ, болам, мени тинч ётсин, десанг...
-Оиласини бузмайман. Фақат бир марта. Кейин ишдан бўшаб кетаман. У билан умуман кўришмай қўяман. Содиқжон билан бирга бўлганимни у кўрсин. Аламдан ёнсин, куйсин. Кўриб туриб ўлиб қолса ҳам майли. Ойижон, буни фақат уч киши билади: мен, Содиқжон ва у...
-Худо-чи?
-Худо ялинишимни бажарди, мен учун уни шу ҳолга солди, энди бу ишимни ҳам кечиради.
-Кечирмайди, болам, кечирмайди.
-Жон ойи, йўлимни тўсманг. Ҳаётимда бир мартагина ўзим учун қасос олай. Кейин одамга ўхшаб яшай...
Онаси жавоб бермади. Оғир хўрсинди. Латифанинг назарида тепасида қора булут тўпланаётгандай туюлди. Булут уни аста бағрига ола бошлади...
“Ҳозироқ Содиқжонга телефон қиламан. Қариялар уйига бориб турсин. Кейин бирга кирамиз унинг олдига...” деб ўйлади.
...булут уни гирдобига чирмайверди, чирмайверди...
Агар ҳозир телефон қилмаса, аҳдидан қайтиб қолиши мумкин эди. Иши ўнгидан келди – телефонни Содиқжоннинг ўз кўтарди. “Ҳозирнинг ўзида қариялар уйига кела оласизми?”деб сўради. Содиқжон “хўп”, деди, “нимага?” деб ланжлик қилмади. Унинг шу одати яхши. Латифа нима деса кўнади.
Латифа енгсиз ҳарир кўйлагини кийди. Лабларини бўяди. Кўзларига сурма тортди. Кам ишлатадиган ўткир ҳидли атирни сепди. Ўзини оёғи енгил аёл кепатасига келтиришга ҳаракат қилди. Тошойнага қараб, ўзидан ўзи нафратланди. Сўнг: “Шундай бўлгани яхши. У ҳам мени кўриб нафратлансин, ёнсин, куйсин!” деб ўзига ўзи тасалли берди.
Содиқжон уни танимагандай, ажабланиб кутиб олди.
-Мендан ҳеч нарса сўраманг. Ёрдам беринг менга. Кейин сўз беринг, йўқ, қасам ичинг: бугунги ишни дарров унутасиз. Худди туш кўргандай бўласиз.
-Озгина бўлса ҳам тушунтиринг.
-Тушунтира олмайман. Мен нима десам шуни қиласиз. Биз... эр-хотин бўлишимиз керак... Фақат бир одам гувоҳ бўлади бунга.
-Тушунмадим?
-Тушунмасангиз ҳам сабабини сўраманг. Яна сўрайдагин бўлсангиз... кета қолинг...
Содиқжон “иложим қанча” дегандай елка қисди. Латифа уни қўлтиғидан олиб, қариялар уйига бошлади. Толибни дарров топишди: бир кишилик хонада экан – айни муддао! Бош томони кўтариб қўйилган каравотда Толиб шифтга тикилиб ётибди. Эшикнинг ғижирлашини эшитдими ё Латифадан таралаётган атир ҳиди димоғига урилдими, бошини буриб қарашга ҳаракат қилди.
Латифа Содиқжоннинг қўлидан ушлаб, унинг рўпарасига ўтди. Уларни кўргач, Толибнинг кўзлари пирпиради. Сўнг мижжаларидан ёш сизиб чиқди. Нимадир демоқчи бўлди – тили айланмади. Унга Латифанинг раҳми келди. Қасос олишдан воз кечиб, чиқиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аммо қандайдир куч уни ушлаб қолди. Толибга тикилиб туриб, бошини Содиқжоннинг елкасига қўйди. Кейин уни иягидан оҳистагина ўпди-да, “Мени қучоқланг”, деб шивирлади. Содиқжон уни қучишга кўпдан бери орзуманд бўлса-да, бу амрни бажаришга дарров журъат эта олмади. Буни сезган Латифа: “Ишни бузиб қўймаса эди”, деган ўйда унинг пинжига кириб, лабига лаб қўйди. Толиб ўкириққа ўхшаш бир овоз чиқарди. Латифа сумкасидан рўмолчасини чиқариб, Содиқжоннинг лаббўёқдан қизарган лабини артди...
...Толиб худди бўғизланаётган буқадек ўкира бошлади...
...мана шу ўкириқ Латифани чирмаб турган қора булутни ҳайдади.
Латифа гаранг ҳолда бошини кўтарди: қўшни ҳовлида оч қолган буқа яна ўкирди.
“Ухладимми? Туш кўрдимми?” деб ажабланди Латифа. Сўнг ўрнидан туриб, беихтиёр телефон ёнига келди. Бармоқлар таниш рақамларни терди. Гўшакдан Маъсуманинг “алё” деган беғам овози келди. Латифа гўшакни жойига қўйиб, уф тортди.
Кечки овқат пайтида акаси унга савол назари билан қараб-қараб қўйди. Болалар телевизор кўргани меҳмонхонага кириб кетишгач: “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Латифа яшириб ўтирмади: Толибга нима бўлганини айтди.
-Баттар бўлсин,-деди акаси.-Қариялар уйидан ҳам чиқариб ташлаш керак. Ахлатхоналарда ётиб, итдек хароб бўлиб, ўлиб кетишлари керак бунақалар...
-Вой, қўйинг адаси,-деди янга.-Бировга бунақа ўлим тиламанг. У ҳам Худонинг бир бечора бандаси...
-Сен гапирма! Бунақа бандага минг лаънат бўлсин!-Акаси шундай деди-да, аччиқланиб, ўрнидан туриб кетди. Латифа ҳам ўрнидан туриб, уйига чиқди. Дам ўтмай изидан акаси кирди. Янгаси қисқа муддатли одоб дарсини ўтганми, ҳар ҳолда акасининг шашти бир мунча паст эди.
-Изтироб чекаётганингга қараганда, уни бориб кўрмоқчига ўхшайсан. Ўзингни тут. Сенга маслаҳатим – борма. Энди нима кўргилиги бўлса кўраверади. Нимани эккан бўлса, ўшани ўриб олаверсин...
Латифа тунда ухлай олмади. Гўё катта гулханнинг сўниб улгурмаган чўғлари узра оёқяланг зир югургандек бўлди. Эрталаб болаларини акаси боғчага олиб кетди. Кейин янгаси эшикни қия очиб, ичкарига қаради:
-Латифа, мен кетяпман, гапингиз йўқми?
Янга Латифага ғоят меҳрибон бўлса-да, бундай дейиш одати йўқ эди. Латифа ҳозир уни янада яхши кўриб кетди.
-Кеннайи... бориб келмасам бўлмайди. Ҳар ҳолда... шу болаларнинг отаси...
-Майли, боринг, кейин армон бўлиб қолмасин.
-Бирга борайлик...-деди Латифа ялинган оҳангда.
Янгаси кўнди. У қайинсинглисининг одатини яхши билгани учун ҳам ишга кетишдан аввал уйига мўралаган эди.
Улар қариялар уйига бориб, кўп асабийлашганидан юзларини ажин босиб, тиришиб кетган эллик беш ёшлардаги бошлиққа рўпара бўлишди.
-Унинг ҳеч кими йўқ, дейишган эди-ку?-деди бошлиқ, тажанглик билан.
-Ҳа, шунақароқ,-деди янга.
-“Шунақароқ” деганингиз нимаси?
-Шунақароқ деганимки... қариндошлари билан борди-келдини узиб юборган.
-Сиз кимисиз унда?
-Бу синглим унинг биринчи хотини бўладилар.
Бошлиқ “ҳм” деб Латифага қовоқ уйиб қаради.
-Ташлашга ташлаб кетиб, энди эсларига келдими?
Бу гап Латифанинг бошига гурзи бўлиб урилиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Яхшиямки янгаси билан бирга келгани, бўлмаса, ҳоли нима кечарди – номаълум.
-Бу нима деганингиз, сал ўйлаброқ гапиринг гапингизни. Ким кимни ташлаганини аввал билинг. Одамгарчиликнинг кўчасидан ўтганмисиз ўзингиз?
Бошлиқ стол устига шапатилаб уриб қўйди.
-Бўпти, бораверинглар. Ўн еттинчи хонада у. Олиб кетмоқчи бўлсангиз яна ўзимга учрашарсиз.
Хонадан чиқиш пайтида янга орқасига ўгирилди:
-Раҳмат, хайр, сизга учрашадиган бошқа ишимиз йўқ.
-Сиз бирпас қолинг, гапим бор, - деди бошлиқ уни тўхтатиб. Латифа нари кетгач, ўрнидан турди-да, янгага яқинлашиб паст овозда деди:-Олиб кетганингиз яхши. Врач узоқ яшамайди. деяпти.
Янга унга жавоб бермади.
Латифа “бошлиқ нима деди?” деб сўрамади.
У қариялар уйига уч ой қатнади.
Сўнг... қора кийди.





Васиятнома


Бу хунук хабарни айтиш шунчалар осонми? Бундай гапларни айтавериб, дийдаси қотиб қолганми?
“Зийрак бўлиб туринглар, жони шу кеча узилади... Тонггача ё боради, ё бормайди...”
Бу сўзлар “Энди ёлғиз қоламанми?” деган ваҳимани уйғотиб, юрагига ўқдек қадалди. Хотинини алдади: “касалхонани вақтинча беркитишар экан, иситгичлари янгиланар эмиш...”
Саида бу “янгиликни” эшитиб, жилмайиб қўйди. Қосимнинг назарида унинг кўзлари қувончдан чақнаб ҳам кетгандай бўлди. “Нимага жилмайдийкин? Уйга қайтаётганидан хурсандми? Ё... алдаётганимни сездими? Балки... кўнгли сезган бўлса... жоним уйда узиларкан, деб қувондими?..”
Саиданинг уйга қайтишидан қизлари бехабар эдилар. Қосим табиблар замбилида бемажол ётган хотинини ҳайдовчи йигит ёрдамида уйга олиб кириб ётқизди. “Хизмат ҳақи”, деб пул узатган эди, йигит унга ажабланиб қаради-ю, изига қайтди.
“Нега пул олмади? Ё “ўлаётган одамни кўтарганим учун ҳақ олмайман”, демоқчи бўлдими? Бу фикр Қосимнинг миясига чўқмордайин урилиб, то товонига қадар зириллатиб юборди. Кичик қизига қўнғироқ қилгач, хотини ётган уйга кирди.
-Нилу келади,-деди у.-Бир аччиқ мастава қилсин, ичсанг тер билан чиқиб кетади...
“...тер билан нима чиқиб кетади?..”
“...жон терга қўшилиб чиқиб кетиши мумкинми?..”
Ўз оғзидан чиққан гапни хаёлида кавлаштириб, кўнгли баттар ғашланди. Хотинига бир қараб олди. Саида бу қарашга жавобан яна бир жилмайиб қўйди. “Нимага жилмайяпти?-деб ўйлади у.-Нимага унинг кўзларига қарай олмаяпман? Бунақада сездириб қўйсам...” Қосим ҳам ўзини, ҳам хотинини чалғитиш учун нимадир дейиши керак эди. Ўша “нимадир” тилига кела қолса-чи? Илгарилари аразлашиб, сўнг ярашганларида каловланиб, айтишга гап тополмай шунақа соқов бўлиб қоларди. Йўқ, у ҳозир ўша дамларни эсламади, буни у кейинроқ, хотинини дафн қилиб келганидан сўнг хотирлайди. Ҳозир эса дарс тайёрламай, муаллими рўпарасида мулзам бўлиб турган бола ҳолида - айтмоққа бир яхши гап излайди.
-Одамлар ҳам қизиқ,-деди у кулимсираб,-пул ўзгарармиш, деб тўзиб юришибди. Ҳой, дунё ўзгариб кетяпти-ку, пул ўзгарса нима экан, дейман.
-Куйиб қолмайлик, деб қўрқишади-да...
Хотини шундай деб тамшаниб қўйди. Сўнг уни ҳиқичоқ тутиб, кўзларини юмиб олди.
“Айтишга шундан бошқа гап йўқ экан, мен аҳмоқ жим туравермайманми? Пул ўзгарадими ё куйиб кетадими, унга нима?!”
У хотинининг бошини аста кўтариб, лабига пиёлада совуқ чой тутди. Саида бош чайқади- ичмади. Шу дамда ҳовлидан Муҳаррамнинг овози эшитилди. Муҳаррам – Саиданинг тенгқури. Тўрт хонадон нарида туради. Қариндошдан ҳам аълороқ даражада яқин қўшни. Очиқ кўнгилли, шаддодгина бу аёл уларнинг барча тўй-маъракаларига бош-қош бўлиб, оғирларини енгил қилган.
Ҳовлида ҳеч ким бўлмаса ҳам у кириб келаётганини маълум қилиш учун ўзига ўзи гапирарди:
-Болалар “Саида опоқим келдилар”, дейишди. Саида опоқинг келсалар, жонларига менинг жоним қоқиндиқ. Баннисада мазза қилиб ётган эрка хоним бу-ку, бир ҳафтада соғиниб, сиқилиб ёрилай деган мен бечораман. Эрка хоним қанилар?
Муҳаррам шундай деб ичкари кириб, ҳиқичоқ тутиб ётган дугонасини кўрди-ю, овозини пастлатди. Бироқ, юрагида уйғонган ташвишли туйғуни сездирмади. Саида билан кўриша туриб, ёстиғини тузатди. Бошини кўтариброқ ётқизди.
Четдан кузатган киши бу аёл яна бир неча соатдан кейин жони узиладиган дугонаси билан эмас, оромгоҳдан ёки ҳориж сафаридан қайтган қадрдони билан чақчақлашиб ўтирибди, деб ўйлаши мумкин эди. Муҳаррамнинг юзида кулги бўлса-да, дугонасига қарагани сайин юрагидаги зардоб тобора тўлиб борарди. Зардоб косаси қачон тўлади, қачон бу ёлғон кулги йиғига айланади, ўзи ҳам билмайди.
Нилуфар келгач, унинг мушкули осонлашди. Оиланинг кенжаси билан кўришаётиб: “Опаларингни ҳам чақирдингми?” деб сўради. “Ҳа, чақирдим”, деган жавобни эшитгач, бир оз ҳотиржам тортиб, ҳовлига чиқди.
Қосим уч тарафи панжара билан ўралган тахта каравотда оёқларини осилтириб ўтирарди.
-Муллака, дўхтир бир нима демадими?
Қосим унга бир қараб олди-ю, индамади. Ҳақиқатни англаб етиши учун Муҳаррамга шу қарашнинг ўзи кифоя қилди.
-Бир нима деган бўлса... гапи ростга ўхшайди. Хабар келиб қолибди...-Муҳаррам кейинги гапни йиғламсираб айтди.-Қизларга маълум қилиб қўйиш керакмикин... Ғафлатда қолишмасин. Узоқдаги қариндошларга ҳам хабар қилдиринг. Кейин сиздан ўпка-гина қилиб юришмасин. Тириклигида рози-ризолик сўраб қолишсин.
Қосимнинг шу ёшга кириб эгилмаган боши шарт эгилди. Буни ўзи ҳам сезмади. Шу кўйи узоқ ўтирди. Ўртанча қизи кириб келганида ҳам шу алпозда эди. Арофат отасининг ўтиришини кўрибоқ пиқиллаб йиғлаб юборди. Муҳаррамнинг танбеҳидан сўнг овуниб, уйга кириб кетди.
-Туринг, бундай ўтираверманг,-деди Муҳаррам буйруқ оҳангида.
-Мен унинг қадрига етмадим...
Қосим бу гапни ўзи учун, паст овозда айтган эди. Аммо Муҳаррамнинг бағоят зийрак қулоғи буни эшитди.
-Одам Атодан кейин қайси эркак хотинининг қадрига етибди? Қўйинг, куйманг, дунёнинг бўлгани шу, одамзот бир-бирининг қадрига бошига ташвиш тушган пайтда етиб қолади. Туринг, уйга киринг.
Тўнғичи Наима келгач, Қосим ҳам уйга кирди. Саиданинг ҳиқичоғи тинган, осмонга қараган ҳолда енгил ҳуррак отиб ухларди. Бурун катаклари бир оз керилган эди. Муҳаррам лабини тишлаб, бош чайқаб қўйди-да, Қосимнинг қулоғига шивирлади:
-Домла чақириб келинг, ўқитиш керак...
Бошқачароқ ҳолат бўлганида Қосим: “Нимага? Шартми? Ўқиб нима каромат кўрсатарди?” деб ланжлик қилиши мумкин эди. Ҳозир баодоб боладай “хўп” деб орқасига қайтди. Келадиган домла унинг назарида биргина “куф-суф” қилсаёқ, хотини туриб кетадигандай эди. Домлани айтиб келаман, деб кўчага чиқди-ю, ўйланиб қолди: домла ким? У қаерда туради? У маъракаларда домлаларни кўрган, лекин бу атрофда қайси бири яшашини билмас эди. Рўпарадаги қўшнининг ўғли дарвозага суяниб, сақич чайнаб турган экан, ўшани чақириб сўради:
-Домланинг уйини биласанми?
-Қайси домлани?
-Ўқийдиган домла.
-Билмайман... мачитда турса керак.
-Қайси мачитда?
-Ана, янги мачитда.
-Бориб айтиб кел. “Тез бораркансиз, шахсан Қосим Мажидович илтимос қилдилар”, дегин.
Бола истамайгина “хўп”, деб бурилганида “болага йўқ деб юбормасин, ўзим бора қолай”, деган хаёлда: “Тўхта, бирга борамиз”, деди.
Ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги имомга гапни узоқдан бошлашнинг ҳожати йўқ эди. Қосим чайналиб гап бошлагандаёқ, у мақсадини англади. “Янгамиз хастамилар?”, деди-да, Аллоҳдан шифо тилаб дуо қилиб, ўрнидан турди.
Домла ўқиётганида Саида кўзларини очди. Каравотнинг оёқ томонида ўтирган қизларига қараб жилмайиб қўйди. Бу жилмайиш барчаларининг қалбига умид нурини берди. Домла “Ёсин”ни ўқиб бўлгач, дуо қилиб ўрнидан турди. Ҳовлига чиққач, Қосимнинг пул узатган қўлига қараб олиб:
-Масжидга беринг,-деди. Кейин қўшиб қўйди:-Умид ёлғиз Аллоҳдан, аммо... эҳтиёт – шарт! Ҳар хил бекорчи хаёлларга берилмай, калима келтириб туринг.
Домла шуларни айтгач, “Калима келтириш нималигини биласизми?” дегандай унга савол назари билан қаради.
Қосим ҳам унга жавобан савол кўзи билан боқди. Домла: “Ла илаҳа иллоллоҳ” тилингиздан тушмасин”, деди-да, кўча эшик сари юрди.
Бу калимани Қосим кўп марталаб эшитган, маъносини ҳам яхши билади. Бироқ, айтиб юрмагани учун тили қотиб, дарров такрорлашнинг эвини қилолмади. Сўри олдида туриб калимани такрорлаб машқ қилаётганда Наима чиқди.
-Ада, домла нима дедилар?
-Домла... “Умид ёлғиз Аллоҳдан”, деди. Худо хоҳласа, ойинг тузалиб кетади
-Айтганингиз келсин, ишқилиб. Ҳозир анча яхшилар. Гаплашяптилар. Ада...-қиз ялиниш оҳангига ўтди:-мен уйимга кетаверайми?
-Ётиб қолмайсанми?
-Бодринг тузлаётган эдим...
Қосим қизини биринчи марта кўраётгандай унга ажабланиб қаради. Кейин аччиқланди: онасидан кўра бодринг афзалми бунга? “Эрим кўп ичади”, деб-ку, ҳасратидан чанг чиқади. Яна унга ўзи бодринг тузлаб беради... Зардаси қайнаган Қосим дўхтирнинг гапини қизига айтгиси ҳам келди. Кейин: “Кетаверсин, ўтиргани билан нима фойда?” деган тўхтамга келди.
-Куёвингизга арзонроқ бодринг учраган экан, бир қопини кўтариб келибдилар. Вақтида тузланмаса ириб кетади-ку? Эрталаб азонда етиб келаман.
-Боравер...
Наима отланмасидан туриб, Арофат ҳам узрини айтди: эртага куёв тўра “гап” берар эканлар! Шунга сомса, норин дегандай... Бу кеч тайёрлаб қўймаса, эртага кундузи қайси бирига улгуради?
Отадан руҳсат теккач, қизлар онанинг кўнглини кўтариб, сўнг изн олмоқ мақсадида ичкари кирдилар.
Саиданинг орқасига қўш ёстиқ қўйилган, у қаддини тутиб ўтирар эди. У қизларнинг кўзларига бир қарашдаёқ, мақсадларини англаб, жилмайди:
-Адангларнинг турган битганлари – ваҳима. Сизларни бекорга овора қилибдилар. Худога шукр, тузукман. Бўлмаса дўхтир уйга рухсат берармиди? Сизлар уйларингга бораверинглар. Нилу, жоним, сен ҳам борақол, қайнонанг яримжон, қийналиб қолмасин. Лекин... яна кўнгилларингга келмасин-у... Ёнимдаги каравотда ётган хотин эскичани биларкан. Ёшми, қарими, ўладиган касалми ё соғми – фарқи йўқ, бир-биридан рози-ризолик сўраб туриши керак экан. Ойим раҳматли ҳали касал бўлмай туриб, шундай қилган эдилар. Сабабини энди билдим.
-Вуй, ойи...-Нилуфар шундай деб йиғлаб юборди.
-Агар йиғласаларинг, мен буни бошқача тушунаман. Кўнглим ранжийди. Гапимни охиригача эшитинглар: кеча тушимда адам раҳматли билан ойим раҳматлини кўрдим. “Сени ҳали-бери чақирмаймиз, аммо биз қилиб қўйган ишни қилиб қўйгин”, дейишди. Улар қилган иш – рози-ризолик-да. Мен ҳаммаларингдан розиман. Сизлар ҳам мендан рози бўлинглар: эҳтимол бесабаб урушгандирман, ранжитгандирман, ўзимни тутолмай қарғаб юборгандирман, қарғишларим юракдан бўлмаган, Худо кечирсин, сизлар ҳам гуноҳимдан ўтинглар. Адаси... сиз ҳам рози бўлинг, сизга вақтида яхши қарай олмадим...
-Қўйсанг-чи шу гапларни...
-Энди сиз чиқиб туринг. Қизларга бир-икки оғиз гапим бор.
Қосим яна ноилож ташқарига чиқди.
Саида “отам билан онам чақиришмас экан”, деб барчани алдаган эди. Бир ой аввал тушида у кавушини ўғирлатди. Ўшандан бери кўзи илинди дегунча, отаси билан онаси уни чақираверади, чақираверади... Саида бу чақириқларнинг оқибатини яхши билади. Бир ой бурун Қосимнинг тушида жағ тиши тушган эди, лекин у бундай ирим-сиримларга ишонмайди.
Дам ўтмай уччала қиз кўнгиллари вайрон бўлган ҳолда, ҳовлида кўринишди. Ҳозир бодринг тузлаш ҳам, эрининг эртанги “гап”ига тайёргарлик ҳам уларнинг хаёлидан кўтарилган эди. Саиданинг уларга доимо қилиб юрадиган насиҳатларидан кейинги гаплари қизларни карахт қилиб қўйган эди. Ҳовли ўртасида қаққайиб турган оталари кўзларига нечундир хунук кўринди. Унга ғалати қараш қилиб, совуқроқ ҳолда хайрлашишди. Қосим ичкаридаги гаплардан хабари йўқ, қизларидаги ўзгаришни сезди-ю, аммо “Онанг нима деди?” деб сўрамади. Улар чиқиб кетишгач, уйга кирди. Саиданинг орқасидаги ёстиқлар олинган, энди у шифтга тикилганича бемажол ётарди. Нафас олиши бежо, танасида уйғонган оғир азобни енгиш учун онда-сонда инграб қўяди.
-Муҳаррам... кўкрагимни озгина босинг...
“Оғриқ кўкракда экан-да?” деб ўйлади Қосим.
-Оғрияптими?-деди Муҳаррам меҳрибонлик билан.-Менинг қўлларим эмас, Луқмони ҳакимнинг қўллари. Аллоҳим, ўзинг шифо бер...
Саиданинг мижжаларидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Муҳаррам буни кўриб Қосимга қаради-да “во-ей, қизлар кетишмаса бўларди”, деб пичирлади. Саида кўзларини юмиб, аста тамшанди.
-Сув олиб келинг,-деди Муҳаррам паст овозда.-Тоза пахта ҳам...
Қосим шошилганидан пахта топа олмай, бир пиёлада сув кўтариб кирди.
-Во-ей, эркак зоти бунчалар ношуд қилиб яратилмаса,-деди Муҳаррам зорланиб.-Лабига томизинг. Бармоғингиз билан томизинг.
Қосим Муҳаррам айтгандай қилди. Шу пайт Саида кўзларини шарт очди. Шифтда нимадир қидиргандай олазарак бўлди-да, сўнг... яна аста юмди.
-Ла илаҳа иллоллоҳ!-деб юборди Муҳаррам. Сўнг Саиданинг бош томонига ўтиб, жағини ушлади.-Бўлди, боринг, қўшни хотинларни чақиринг. Қизларни ҳам,-деди.
“Нимани “бўлди” деяпти?-ажабланди Қосим.-Ўлдими? Шу қадар осонми жон бериш... Шу қадар беозор... Шу қадар беозор-а... Мен унинг қадрига етмай яшадим-а... Қадрига етмадим-а...”
...Жаноза ўтди. Уч кун аза ҳам ўтди. Қосим “қизлар кетса, ёлғиз қоламанми? Тунлари билан Саиданинг руҳи ёнимда бўладими?” деб ўйлади.
-Қирқлари ўтгунича ойимнинг уйларида ётамиз. Қирқ кунгача арвоҳ келиб хабар оларкан,-деди Наима.
Қосим индамади. Бироқ, кўнглидан “тириклигида келиб ёнида ётсаларинг бўлмасмиди?” деган армонли гап ўтди.
Қизлар Саиданинг жони узилган уйда хонтахта атрофида холалари билан гурунглашиб ўтиришарди. Қосимга бир тоғдан, бир боғдан бўлаётган гаплар ёқмади. Юраги сиқилиб, ташқарига чиқди. Сўрига бориб, энди ўтирган эди, Муҳаррам ҳам уйдан чиқиб, унга яқинлашди.
-Ҳадеб “уф” тортаверманг. Эркак одамга уят бўлади,-деди у.
Қосим бошини эгган ҳолда минғирлади:
-Эзилмасдан бўларканми? Мен унинг қадрига етмадим...
-Оббо... ҳадеб шунақа деяверманг. Қадрига етгансиз. Хотинини норози қилганларни ҳам ер кўтариб юрибди-ку?! Саида ўртоғим сиздан рози бўлиб кетди. Шукр қилинг.
Бу гапни эшитиб, Қосим бошини кўтарди:
-Ўзи айтдими?
-Ўзингиз эшитдингиз-ку? Менга ҳам алоҳида айтди.
Дарвоқе... айтиб эди. Лекин кўнгил таскини учун биргина “розиман” деган сўзнинг ўзи кифоямикин? Саида Қосимдан рози экан, Қосим-чи? Унинг ўзи ўзидан розими? Кўнгил таскини кўпроқ шу саволнинг жавобига боғлиқ. Қосим бу фикрини қўшни аёлга ошкор қила олмайди.
-Қизларни олиб қолиб нима деган эди? Қизлар ранжиб чиқишди, мен сездим.
-Қизларгами?..-Муҳаррам эшитганини айтишга истиҳола қилди.-Вақти келса қизларнинг ўзи айтади. Ҳавотирланадиган ери йўқ.
-Шунчалик сирли гапмиди?.. Нима учун ўзимга индамади?
-Вой, эсим қурсин, у сизга айтадиганларини бир варақ қоғозга ёзиб қўйган экан. “Кейинроқ ўзлари ўқиб оларлар”, деган эди-я...
-Қани ўша хат?
-Ичкарида. Хитойдан бир алламбало чойнак олиб келган экансиз. Ўшанинг ичига солиб қўйибди.
Қосим ўрнидан турган эди, Муҳаррам уни жойига қайтарди.
-Намозшомда олиб ўқиманг, хосияти бўлмайди. Эртага тонг отганда ўқирсиз.
Кейинги кунлар ичи ким нима деса Қосим одобли бола сингари “хўп” деб қулоқ соладиган бўлиб қолди. Биров келиб “ҳовлида ўтин ёрманглар”, дейди. Бошқасининг гапига қаралса, бодом чақиш мумкинмас. Қосим “нима учун?” деб сабабини сўраб ўтирмайди. “Қоидаси шунақа экан-да”, деб қўя қолади. Агар ҳозир биров келиб: “Марҳуманинг жони узилган уйнинг сувоғини кўчириб, қабристонга ташлаш керак”, деса, шу ишни қилишдан ҳам тоймайди. Муҳаррам: “хатда юракни эзадиган гаплар бўлса, кечаси билан беҳаловат бўлмасинлар”, деган мақсадда “тонг отганда ўқирсиз”, деган эди. Қосим бунинг фаҳмига етмай, “шунақа одат ҳам бор экан-да”, деб қўйди.
Уч кунлик азада ҳориган аёллар уйқуга кетишди. Қосим қизларининг қистови билан хонасига кириб, бир оз ётди. Баданига ҳукмини ўтказаётган ҳордиқ уйқуни чақирарди. Лекин бедор киприклар қовуша қолайлик дейишмас эди. Муҳаррам уни тунги безовталикдан асрамоқчи эди, акси бўлиб чиқди – хаёлини Хитойдан келтирилган чойнак ичидаги хат банд этди: “Нима учун ўзимга айта қолмади гапини? Нима учун ёзди? Ўзимга айтишдан истиҳола қилдими? Нима деб ёзган бўлиши мумкин?” Муҳаррам унга гўё “тунда эрмак қилинг”, деб бир тугун чигил саволлар ипини ташлаб кетган эди. Қосим юраги ҳаприқиб, ўрнидан турди. Тонгга қадар сабри чидамаслигини билиб, хатни олиб ўқимоқчи бўлди. Хат – чойнак ичида. Чойнак – жавонда. Жавон – Саиданинг жони узилган уйда. Уйда эса аёллар ётишибди. “Шарпасиз кириб, олиб чиқаман”, деб ўйлади. Уйда чироқ ўчмаган. Эшикни қия очиб, ичкари қаради: жавон ёнида кенжа қизи ётибди. Худди хатни қўриқлаётгандай... Жавонга етгунча икки қайинсинглисининг устидан ҳатлаб ўтиши керак. Қосим ноиложлигидан афсусланиб, эшикни ёпди. Аммо хонасига қайтмади. Ҳовлига чиқди.
“Мен унинг қадрига етмадим... У мендан рози бўлибди... Балки тил учида айтгандир... Дилидагини қоғозга битгандир... Нималарни ёзиши мумкин? Балки... ўша биринчи марта....”
...биринчи хиёнати....
Кўп йил бўлди бунга. Лекин ўша воқеанинг буткул тафсилоти ипидан-игнасигача ёдида турибди. Унингки ёдида турибдими, Саида ҳам унутмагандир. Аёл учун уч ўлим бор: бири – жисмоний ўлими – бу дунёни ташлаб кетади. Лекин унга қадар неча марта ўлиб тирилади: бири – кўзи ёриганда. Иккинчиси – кундош кўрганда. Қадимда ошкора равишда хотин устига хотин олаверишган. Эндигиларнинг айримлари баъзан саноқсиз уйланишади, бироқ – пинҳона! Балки “хотиним билиб куймасин ёки ўлиб-тирилмасин”, деган яхши мақсадда пинҳона иш тутишар. Энди бу ҳол Аллоҳга маълумдир, биз гуноҳкор бандага буниси қоронғи. Хуллас, ўша, биринчи хиёнатда Саида биринчи марта ўлган эди.
Ўшанда Қосимнинг бахти кулган кезлар эди. Уч йил хорижда ишлади, топиш-тутиши дуруст бўлди. Уйланди. Саиданинг қадами қутлуғ келиб, хорижда тўплаб қўйган пулига “Волга” автомашинасини олди. Яхшигина идорага ишга жойлашди.
...келишган йигит. Ишга “Волга”сида келади. Бармоғида машина калитини чир айлантириб ўйнатади.
...хоналарида чиройлигина, кулишлари ширингина бир жувон бор. Бир куни ялиниш оҳангида: “Тобим қочиб қолди, кузатиб қўя олмайсизми?”-деди.
...кузатди.
“Эрим кўп сафарга чиқади, ҳозир ҳам сафарда”,- деди жувон.
“Эрининг сафардалигини бекорга айтмаётгандир?”-деб ўйлади Қосим.
“Уйга киринг. Бразилия қаҳвасидан бир хўпламгина ичинг”, деди жувон.
Одам Ато билан Момо Ҳавво шайтон васвасасига банди бўлганларида қўшилишларидан аввал олма ейишган экан, эндигилар қаҳва ичсалар етарли...
Қосим уйлангунига қадар бўлганларини хиёнат ҳисобламайди. Улар бўйдоқликка ҳос кўнгилхушликлар эди. Уйлангач, бу йўлга қадам босмасликка онт ичганди. Бу жувон тушмагур уйига олиб келиб, лабини чўзиб тургандан кейин нима қилсин? Қаҳва ичиб кетаверса уят бўлмасмикин...Жувон ҳисобдан адашган эканми ёки эрининг кўнгли бу шумликни сезиб, сафар муддатини қисқартирганми, ҳар ҳолда, укпар булутлар устида сархуш сузишаётган паллада эшик қўнғироғи жаранглаб қолди. Апил-тапил кийиниб, иккинчи қаватдан сакради. Машинада кетатуриб баланддан сакрагани ҳолда оёларига шикаст етмаганига бир қувонса, қўшнилар кўриб қолмаганига, “ўғри” деган гумонда қувишмаганига бир суюнди. Бу йўлга бошқа юрмайман, деб қасам ичди...
...Уйда эса...
Хотин кишининг димоғидек сезгир нарса йўқдир. Саида бегона ҳидни дарров илғади. Бироқ, “Менга шундай туюлгандир”, деб ўзини овутди. Ётар маҳали Қосим ечинаётганда эса... тескари кийилган ичкўйлак гумонини тасдиқлади. Саида ўшанда жанжал қилмади. Лекин... уни қирқ кун ўзига яқинлаштирмади.
Қосим ҳозир ўша воқеани эслади. “Хиёнат эди”, деб тан берди. Шунча йилдан бери барча айбни ўша жувонга юкларди. Ҳозир ўзи ҳам сезмаган ҳолда хиёнат қилганини бўйнига олди: “Саида мени ўша куниёқ ташлаб кетиши мумкин эди. Лекин кетмади. Нимага кетмади? Хатда шунинг сабабини ёзганмикин? Ҳар ҳолда хотин эмас, фаришта эди... Қадрига етмадим...”
Қосим ўрнидан туриб деразага яқинлашди. Ичкарида хотинлар ўша алпозда ётишибди: хат турган жавон гўёки қўрғон-у, улар посбонлардай...
“Йўқ, у бунақа гапларни кавлаштирмайди,-деди у сўрига қайта туриб.-Шунча йил индамаган, энди ёзиб кетадими? Кейин қўлга тушганимда ҳам “ғинг” демаган... Балки... “бузуқ!” деб сўкканимни ёзганмикин? “Сиз ўшанда менга туҳмат қилгансиз, бу туҳматни кечира олмайман”, деганмикин? Туҳмат эди... тўғри...”
Ўшанда “Қўрққан олдин мушт кўтарар”, деган ҳикматнинг ҳаётдаги исботи бўлган эди. Хорижликларни Масковдан бошлаб келган таржимон қиз қаймоқдеккина экан. Унгача қасамини такрор ва такрор бузган Қосим учун яна бир марта гуноҳга ботиш ҳеч гап эмасди. Қаҳвахонага ўтаверишда айвончада музқаймоқ еб ўтирган Саида билан катта қизи Наимани кўрди-ю, “қўлга тушдим”, деб юраги шув этиб кетди. Тўғри, қўлга тушган эди. Лекин Саида қизи олдида уни шарманда қилишни истамади. Бепарво ўтираверди. Ўшанда уларнинг ёнидаги бўш курсига бир киши келиб ўтирди. Қизалоққа нимадир деб кулиб қўйди. Музқаймоқ еб бўлишгач, Саида билан қизи туришди. Нотаниш киши жойида қолаверди. Унинг нотанишлиги кундек аён эди. Ўша дамда Қосимнинг кўнглида гумон уйғонмаган ҳам эди. Гумон, аниқроғи – баҳона уйга қайтганида бош кўтарди. Кира солиб дабдурустдан: “Кимлар билан музқаймоқ ялашиб юрибсан?!” деди. Саида бундай хужумни кутмаган эди - довдираб қолди. Қосим эса авжига чиқиб, беихтиёр: “бузуқ!” деб юборди. Айтишга айтди-ю, тилини тишлади. Саида бир кун йиғлади, эртасига ҳам кўзлари қизариб юрди. Қосим нотўғри иш қилганини билса ҳам, мақсади ўзини оқлаб олиш бўлгани сабабли чекинмади, узр сўрамади.
Орадан кунлар, ойлар ўтиб, бу нохушлик унутилгандай бўлди.
“Унутмаган эканми?-деб ўйлади Қосим.-Балки... “Ўзингиз бузуқ бўла туриб, менга шундай туҳмат қилган эдингиз-а” деб ёздимикин? Ёзса ҳаққи бор. Ҳеч бўлмаса ўша гап учун узр сўраб қолмадим-а... Чакки бўлди. Агар ўшани эслаган бўлса, қарғаб-қарғаб ёзган бўлса ҳам розиман. Ҳаққи бор... Лекин... у буни ёзмайди. Юзимга айтмаган одам ўлиши олдидан ёзиб кетмайди. Унда нимани ёзади? Балки... “отамдан хабар олиб туринг”, дегандир? Шу фикр Қосимнинг қоронғи фикрини ёритгандай бўлди. “Ҳа, шуни ёзган. Отаси билан ярашиб олишимни хоҳлар эди. “Боринг, узр сўранг, уйга олиб келинг, бирга яшанг”, деган”.
Қосим қайнотасини эслаб, этлари жимирлашиб кетди. Шу онда тақдирларининг ўхшашлигини кашф этди.
Унда ҳам уч қиз. Қосимда ҳам. У ҳам элликдан ошиб-ошмай бева қолган. Қосим ҳам...
Фақат...
Энди қайси куёви Қосимни қариялар уйига олиб бориб топширар экан?
Қайнотаси Саидани яхши кўрар эди. Саиданинг ҳам отасига меҳри баланд эди. Отасини бирга яшашга кўндирганида Қосим қилиқ чиқарди. Қайнотасининг бирга яшашини хоҳламади. “Уйни сотиб, ўзини қариялар уйига берайлик, хабар олиб турамиз”, деди. Саида йиғлади. Аммо эри билан бу сафар ҳам уришмади. Бемеҳрликда айбламади.
“Қайтар дунё” дегани шуми?-деб ўйлади Қосим. Ўша гапим учун энди жазоландимми? Саида шунинг учун мени ташлаб кетдими? Қайси куёвим олиб боради мени... Йўқ!..”
Қосимнинг кўкраги қизиб, нафаси қайтди. Ошхонага кириб, совуқ сув ичди. Чиқаётиб туртиниб кетди, нимадир тушиб синди. Шарпадан уйғонган Нилуфар ўрнидан туриб ташқарига чиқди.
-Ада, мазангиз қочдими?-деди у меҳрибонлик билан
Қосим бош чайқади.
-Озгина ухлаб олсангиз бўларди.
Шу пайт субҳи содиқ кирганини маълум қилиб, азон товуши янгради.
-Саҳар бўлди, ада, кириб ётинг.
-Қизим, Хитойдан олиб келган чойнагим бор-ку? Биласан-а? Ўшанинг ичида хат бор экан, олиб чиқ.
-Ҳозирми?-деб ажабланди Нилуфар.
-Ҳа, ҳозир. Фақат... ўқима, хўпми? Тўхта, Нилу, охирги куни ойинг мени чиқариб юбориб сизларга нима девди?
Нилуфар унутган нарсасини эсламоқчи бўлгандай, ерга қараб бир оз жим қолди. Қосим “жавобни тез айтасан”, деб шоширмади. Саида ўша куни қизларига “Агар ўтиб қолсам, қирқ кундан кейин адангларни албатта уйлантириб қўйинглар”, деган эди. Нилуфар бу гапни отасига айта олмади. “Ҳозир ёдимда йўқ, опам турганларида айтарлар”, деди-да, тез-тез юриб уй томон кетди. Дам ўтмай кафтдек қоғоз кўтариб чиқди. Қосим ошхонага кириб, буклоғлиқ қоғозни очди-да, чироқ ёруғига тутди. Хат бир неча сатрдан иборат эди:
“Бир киши ҳадеб автобусга салом берар экан.Сабабини сўрашса “Шу автобус қизим келин бўлиб тушган маҳалладан ўтади, қуда томоннинг ҳурмати-да”, деган экан. “Куёвни пайғамбарлар сийлайди”, дейишган. Адаси, жон адаси, кўп айтдим, қулоққа илмадингиз. Энди охирги илтимосимни бажаринг: куёвларингиз келишганда ўтирган бўлсангиз, ўрнингиздан туриб саломлашинг, хўпми?..”
Қосим хатни икки марта ўқиб чиқди. Давоми йўқми, деб қоғознинг орқасига ҳам қараб олди. Сўнг... бағрини тўлдириб йиғи келди. Ўзини тўхтата олмади – ўкириб йиғлаб юборди.

АЛҚИССА: Ё Тангрим, бандаларингни Қосимдай бўлиб қолишидан ўзинг асрагин. Омийн йа Раббил оламийн!




Комментариев нет:

Отправить комментарий